Жаҳон | 18:30
1421
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев давлат мукофотларидан маҳрум этилди

Атамбаев суд қарорига кўра коррупцияда ва оммавий тартибсизликларни уюштирганликда айбдор деб топилиб, сиртдан 11,5 йилга озодликдан маҳрум этилган, мол-мулки мусодара қилинган ва давлат мукофотларидан маҳрум этилган эди.

Фото: РИА Новости

Қирғизистон президенти Садир Жапаров собиқ президент Алмазбек Атамбаевни давлат мукофотларидан маҳрум қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжатга кўра, собиқ президент Қирғизистон Республикасининг олий даражали «Қирғиз Республикасининг Баҳодири» ордени, II даражали «Манас» ордени, «Данакер» ордени ва «Данк» медалидан маҳрум қилинган.

Атамбаевни мукофотлаш тўғрисида илгари чиқарилган барча фармонлар (1999, 2007, 2011 ва 2017 йиллар) бекор қилинди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Суд ижрочилари хизматига «давлат мукофотлари ва уларнинг ҳужжатларини кейинчалик давлат мукофотлари фондига топшириш учун олиб қўйиш» топширилди.

Фармон Бишкек Первомайский туман судининг 2025 йил 3 июндаги ҳукмини ижро этиш мақсадида имзоланган. Шунда Қўй-Тош воқеалари бўйича иш доирасида Алмазбек Атамбаев сиртдан 11,5 йилга озодликдан маҳрум этилган, мол-мулки мусодара қилинган ва давлат мукофотларидан маҳрум этилган эди. Садир Жапаров суд қарорини шафқатсиз деб атаган ва агар Атамбаевнинг вакиллари ҳокимиятга тегишли мурожаат билан чиқса, уни афв этишга тайёрлигини айтган эди.

Алмазбек Атамбаев 2011-2017 йилларда Қирғизистонни бошқарган. 2019 йил август ойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси уни Бишкек чеккасидаги Қўй-Тошдаги қароргоҳида қўлга олишга уринган, бироқ собиқ президент тарафдорлари қуролли қаршилик кўрсатган. Тўқнашувлар чоғида махсус хизмат ходими ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳатланди. Атамбаев якунда ҳибсга олинди.

Қўй-Тош воқеалари бўйича суд жараёни 2022 йилда бошланди, кейинроқ ишга коррупция билан боғлиқ эпизодлар қўшилди. 2023 йил феврал ойида Атамбаев «чет элда даволаниш учун» ҳибсдан озод қилинди: у Испанияга учиб кетди ва Қирғизистонга қайтмади.

2025 йил сентябр ойида суд ижрочилари унинг оиласини Қўйтошдаги уйидан мажбуран кўчирди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид