Ўзбекистон | 18:20 / 27.10.2016
20408
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов 1 йилдан 7 ойга қисқартирилмоқда

Фото: Unian

2016 йилнинг 9 ойида Ўзбекистон Республикаси Олий судига жисмоний ва юридик шахслардан 18 мингдан ортиқ, умуман айтганда, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича республика судларига жами 85 минг 603 мурожаат келиб тушган. Шу даврда Олий судда 3 минг 242 жисмоний ва юридик шахс вакиллари қабул қилинди. Шундан 1 минг 435 нафар шахс бевосита Олий суд раҳбарияти томонидан қабул қилинган бўлиб, мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан 674 суд қарорига нисбатан протестлар келтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Қўчқор Тоғаев ЎзА мухбири билан бўлган суҳбатда айтиб ўтган.

“Олий суд томонидан мунтазам равишда судларнинг бу борадаги ишлари умумлаштирилиб, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш, ишларни кўришда қонунчилик нормалари аниқ ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш орқали ягона суд амалиётини шакллантириш юзасидан тегишли тушунтириш ва йўналишлар бериб борилмоқда”, дейди Қўчқор Тоғаев.

Жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, жиноят ишларини тергов қилишнинг тезкорлигини ошириш мақсадида жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга камайтирилади. Қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек, жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар бир томондан, фуқароларнинг эркинлигини асоссиз чеклаш ҳолатларидан ҳимоя қилинишини, иккинчи томондан, суриштирув ва тергов органларининг масъулияти ва фаолияти самарадорлиги ошишини таъминлайди.

Мавзуга оид