Ўзбекистон | 21:31 / 28.10.2016
7919
3 дақиқада ўқилади

Олий судда амнистияга оид қарор ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий судида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев тақдимномасига асосан Олий Мажлис Сенати томонидан шу йил 12 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ш.Ғозиев, Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари С.Ортиқова, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Ҳ.Ҳалимов, ички ишлар вазирининг ўринбосари А.Шодиев ва бошқалар мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланаётганини алоҳида таъкидлади.

Амнистияга оид қабул қилинган қарор давлатимизнинг бу борада олиб бораётган юксак инсонпарварлик ва бағрикенглик сиёсатининг мантиқий давомидир. Бу инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоясини таъминлаш борасидаги умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мос келади.

Қарорда айрим тоифадаги шахсларни жиноий жавобгарликдан, баъзиларини жазодан озод қилиш билан бирга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм килинган шахсларга тайинланган жазо муддатларини қисқартириш кўзда тутилган. Бу йилги амнистияга оид қарор таъсир доираси кенглиги, уни таъминлашда жамоатчилик назорати кучайтирилгани билан ажралиб туради.

– Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Неъматжон Акбаров. – 2008 йил декабрь ойида амнистия актини қўллаш ваколати судга ўтказилгани бунинг амалий ифодаси бўлди. Шу тариқа мамлакатимизда амнистия актини қўллаш масаласи, жиноят процесси босқичидан қатъи назар, фақат суд томонидан ҳал этиладиган бўлди. Бу амнистия актини қўллаш жараёнида холисликни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Ўз навбатида, бу судьялар зиммасига катта масъулият юклайди. Чунки амнистия актининг моҳиятида давлатимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик сиёсати мужассам бўлиб, уни тўлиқ рўёбга чиқариш ҳар бир судьядан алоҳида масъулият талаб этади.

Қарор ижросини таъминлаш жараёнида очиқ-ошкораликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига оғишмай риоя этилиши учун парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилган.

Тадбирда амнистия тўғрисидаги қарор ижросини аниқ ва бир хилда таъминлаш мақсадида суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутасадди идоралар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев шу йил 21 октябрь куни имзолаган "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя килиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон ижросига доир  масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

Н.Абдураимова - ЎзА мухбири

Мавзуга оид