“Океанорти мамлакати”да президентлик сайловларига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. АҚШда президент сайлови ҳар 4 йилда - 4 га қолдиқсиз бўлинувчи йилларнинг ноябрь ойининг биринчи душанбасидан кейинги биринчи сешанбасида ўтказилади. Кўпчилик, демак ноябрнинг биринчи сешанбасида экан-да, дейиши мумкин. Аммо бундай эмас. Мабода 1 ноябрь сешанбага тўғри келиб қолса, у ҳолда сайловлар 8 ноябрда ўтказилади.
АҚШ Конституциясига кўра, президент камида 35 ёшли Америка фуқароси бўлиши лозим. Президентликка номзодлар ҳар тўрт йилда бир маратоба ўтказилувчи президент сайловларидан бир неча ой илгари сиёсий партиялар томонидан танлаб олинади. Бунинг учун сайловда иштирок этувчи партиялар ичида оралиқ сайловлар, яъни праймериз ўтказилади. Айни шу праймериз якунларига кўра партияларнинг ягона номзоди аниқланади. Праймериз инглизча сўз бўлиб, “бошланғич, дастабки сайловлар” деган маънони англатади. Кўпчилик “оралиқ сайловлар” ҳам деб атайди. Бу нотўғри қилинган таржимадир. АҚШда Оралиқ сайловлар бўшаб қолган ўринларни тўлғазиш мақсадида фақат Конгрессда ўтказилади.

Праймериз тадбири жаҳоннинг бир қатор мамлакатларида ўтказилишига қарамай, нима учундир кўпроқ АҚШга хос жараён сифатида кўрилади. Бу мамлакатда ҳар тўрт йилда ўтказиладиган президентлик сайловлари ўтадиган йилнинг январь-июнь ойларида партиялар праймериз ўтказади. Унда сиёсий партиялардан президентликка ягона номзод танлаб олинади. Кўп ҳолларда жарённинг ўрталарида ягона номзоднинг ким бўлиши аниқланади. Мободо шу давр ичида ягона номзод аниқланмайдиган тақдирда, уни ҳал қилинишини партия олий анжуманигача кутишга тўғри келади. Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда праймериздан асосий мақсад бир партиядан кўрсатилган номзодлар овозларни бир-бирларидан тортиб олмаслик учун штатларда дастабки сайловлар ўтказилади. Партиялардан кўрсатиладиган номзодлар праймериз давомида 1144 делегатнинг қўллаб-қувватлашига эга бўлиши лозим. Шуни таъкидлаш керак-ки, праймеризда мағлубиятга учраган номзодлар кўп ҳолларда мустақил номзод сифатида президентлик сайловларида иштирок этишади.
Эслатиб ўтиш керак-ки, АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловида фақат икки номзод - демократик ва республикачилардан вакиллар қатнашади деган тассаввур мутлақо нотўғридир. Аслида президентлик сайловларига расман ўнлаб номзодлар қўйилади. Бироқ ёзилмаган қоидаларга кўра, нима учундир 2 та партия вакилларига кўпроқ эътибор қаратилади.
АҚШда илк бор праймериз 1842 йилда ўтказилган. 1903 йилда эса илк бор Висконсин штатида “Мажбурий праймериз ўтказиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 1927 йилга келиб эса, барча штатларда бу каби қонунлар қабул қилиниб, кучга кирди. Шу тариқа праймериз партиявий номзодларни танлаб олишда асосий жараён сифатида тан олинди. Унга қадар номзодлар партия анжуманларида, кўп ҳолларда музокаралар самараси ўлароқ танлаб олинарди. Кейинчалик “маҳаллий партия раҳбарининг таъсирини сусайтириш мақсадида праймеризлар ўтказилиши керак”, деган фикрга келинди. Айни дамда АҚШнинг 11та штатида праймериз эмас, балки партия конференциялари ёки партиявий референдумлар(кокуслар) ўтказилади. Праймериз тўғридан тўғри ва яширин овоз бериш асосида ўтказилади. Яширин овоз беришда партиянинг рўйхатга олинган аъзоларигина қатнашади. Очиқ овоз беришда эса партиявий қарашидан қатъи назар барча хоҳловчилар иштирок этади. Мабодо, бир партиянинг праймеризида бошқа партия тарафдори иштирок этгудек бўлса, партиянинг умуммиллий анжумани мазкур штатдаги овоз бериш натижаларини тан олмаслиги мумкин. Овоз бериш жараёнини ҳар бир штатнинг ўзи белгилайди. 80-йиллардан бошлаб февраль ойининг биринчи сешанбасида бир нечта штатда ўтказиладиган “суперсешанба” феномени юзага келди.










