Жаҳон | 13:53 / 31.10.2016
7406
2 дақиқада ўқилади

NYT: АҚШ президентлик сайловида 20 млндан ортиқ сайловчи муддатидан аввал овоз бериб бўлган

Фото: © AP

АҚШ сайловчиларининг 20 миллиондан ортиғи АҚШ президентлиги учун сайловларда муддатидан аввал овоз бериб бўлган, деб ёзмоқда The New York Times.

"Мамлакат бўйлаб камида 21 млн киши овоз беришга улгурган. Сайлов натижаларига сезиларли таъсир кўрсата оладиган Флорида, Колорадо ва Невада штатларидаги овоз берувчиларнинг салкам чорак қисми аллақачон ўз ҳуқуқларидан фойдаланишган", — деб ёзади газета.

The New York Times нашри маълумотларига кўра, гарчи овозлар сайлов кунигача ҳисобланмаса-да, сайлов участкаларида рўйхатдан ўтган демократлар тарафдорлари республикачиларга қараганда кўпроқдир. Бу ҳолат айниқса, Шимолий Каролина, Колорадо ва Невада штатларига хос. 

Демократик партия сайловчиларни жалб қилиш борасида анча сифатли ишларни амалга оширмоқда ва республикачиларга нисбатан кўпроқ маблағ сарфламоқда, деб ёзган нашр. 
"Аммо, электрон почта билан боғлиқ сўнгги машмаша, Трамп ва республикачилар ғалабага умид қила олмайдиган бир вақтда сайловчиларнинг Ҳиллари Клинтондан воз кечишига олиб келиши мумкин", — деб ёзган бу сафарги президентлик сайловида Клинтон номзодини қўллаб-қувватлаган газета. 

Одатда республикачиларга ёнбосувчи ОАВ, жумладан Fox News телеканали Клинтон атрофидаги навбатдаги можародан сўнг, ўз овозини ўзгартиришни хоҳлаганлар сайловчилар 8 ноябргача ўз қарашини ўзгартириб, бошқа номзодга овоз беришлари мумкинлигини ёдга олган. АҚШнинг 7та штатида бунга рухсат берилади. 

Ноябрь ойининг саккизинчи кунида, президентлик сайловидан ташқари, вакиллар палатаси, сенатнинг учдан бири, қатор штатлар губернаторлари ва аксарият штатлар қонун чиқариш органлари учун ҳам сайловлар ташкил этилади. 
 

Мавзуга оид