Жаҳон | 10:54 / 01.11.2016
7608
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Ҳаага АҚШнинг Афғонистондаги эҳтимолий ҳарбий жиноятларига қизиқмоқда

Фото: © Flickr

Халқаро жиноят суди Афғонистондаги ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятларга оид тўлиқ текширувларни бошлаш ниятида. Америка ҳарбийлари шундай жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда, деб ёзмоқда Foreign Policy нашри ўз манбаларига таянган ҳолда. 

Нашрнинг қайд этишича, ХЖС прокурори Фату Бенсуда яқин бир неча ҳафта ичида, Америка президентлик сайлови бўлиб ўтгач, йил охиригача тергов ишларини бошлаши кутилмоқда. Журналнинг ёзишича, Америка ҳукумати вакиллари яқинда тергов ишлари бошланиши муносабати билан музокаралар ўтказиш ва ўз ташвишини изҳор қилиш мақсадида Ҳаагага ташриф буюрган. 

Хабарларга кўра, терговчилар Америка ҳарбийларининг 2003-2005 йилларда Афғонистонда одамларни ҳибсга олишда уларга нисбатан қўпол муомалалар қилганликларига бир неча бор эътибор қаратишган. АҚШ ҳукумати эса, бунга қарши чоралар кўрмаган. ХЖСнинг 2015 йилга оид ҳисоботида таъкидланишича, "жиноятлар бераҳмларча амалга оширилган ва қайсидир даражада инсон қадр-қийматини поймол қилган".

Бенсуда, шунингдек, Америка ҳарбийлари томонидан "Чегарасиз шифокорлар" ташкилотининг Қундуздаги шифохонасига ҳаво зарбаси берилишига оид воқеани ҳам ўрганади. 2015 йил октябрида берилган зарбада бир неча ўнлаб киши ҳалок бўлган эди. 

"Албатта, бунинг учун прокуратура ихтиёридаги мавжуд далиллардан кўпроқ маълумотлар керак бўлади", — деб ёзади Foreign Policy.

Маълумки, ХЖС дастлабки суриштирув чоғида гувоҳларни сўроқ қилмайди, уларнинг кўрсатмаларини тўпламайди ва суд экспертизасини ўтказмайди. 

Қайд этиш жоизки, Халқаро жиноят суди ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар Жорж Буш кичикнинг биринчи президентлик муддати даврида анча таранглашган, бироқ сўнгги йилларда бирмунча яхшиланган эди. Шунга қарамай, АҚШ ХЖС аъзоси бўлишга шошилмаяпти, шу сабабли Америка фуқаролари бу ташкилот ваколатлари доирасида суд қилиниши мумкин эмас. 
 

Мавзуга оид