Ўзбекистон | 00:31 / 02.11.2016
35195
6 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Андижон ҳамда Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашди

Фото: uzlidep.uz

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 1 ноябрь куни Андижон вилояти сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни ЎзЛиДеПнинг Шаҳрихон тумани кенгаши раиси Қаҳрамон Саримсоқов очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.

Дастурда давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, мамлакатимиздаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, хусусий мулк ва тадбиркорлик ривожи йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, ҳудудларни комплекс ва изчил ривожлантириш, халқимиз турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини юксалтириш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Андижон вилояти ҳам юқори суръатлар билан ривожланмоқда. Бунинг тасдиғини 2010 йилдан буён вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 1,7 баробар ўсгани мисолида кўриш мумкин. Вилоятда саноат маҳсулотининг 95 фоиздан ортиғи автомобилсозлик, енгил саноат, кимё, нефть-кимё, озиқ-овқат саноати каби замонавий тармоқларда ишлаб чиқарилмоқда.

Вилоятдаги 140 қўшма корхонанинг ярмидан кўпи охирги 5 йил мобайнида, илгари бундай корхоналар бўлмаган туманларда ташкил этилган. Андижоннинг экспорт ҳажми ҳозирги кунда қарийб 160 миллион долларга етган ва бу 2011 йилга нисбатан 6 баробар кўпдир.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари кенг қўллаб-қувватланаётгани самарасида уларнинг сони ва вилоят иқтисодиётидаги салмоғи тобора ортиб бораётир. Кейинги беш йилда вилоятда 10 мингдан зиёд янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг умумий сони деярли 2,5 баробар кўпайган. Меҳнат билан банд аҳолининг 84 фоизи шу соҳада фаолият кўрсатиб, даромад топмоқда.

Учрашув видеоконференция тарзида ўтказилди. Андижон шаҳри ва барча туман марказларида йиғилган сайловчилар билан очиқ ва жонли мулоқот бўлди. 

Хонобод шаҳридан ЎзЛиДеП фаоли Ш.Алимов, Избоскан транспорт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси О.Тожиддинова, Андижон давлат тиббиёт институти талабаси И.Абдумаликов, Олтинкўл туманидаги «Бахт имкон чорваси» фермер хўжалиги раҳбари Ф.Исмоилов, Марҳамат туманидаги «Феруз» фермер хўжалиги раҳбари Ғ.Каримов, Шаҳрихон туманидаги «Ишкомли ҳамкор» фермер хўжалиги раҳбари А.Тўрақулов, Асака туманидан «GM O’zbekiston” акциядорлик жамияти ходими Б.Усмонов ва бошқалар дастурда белгиланган вазифалар ижроси мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилажагини таъкидлади. Президент сайловига тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик тамойилларга тўла мос равишда ўтаётганини қайд этди. Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев шу куни Фарғона вилояти сайловчилари билан ҳам учрашди.

Учрашувни номзоднинг ишончли вакили, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзаалиев очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев учрашувда нутқ сўзлади ва ўзининг сайловолди дастурида белгиланган асосий йўналишлар ҳақида батафсил тўхталди.

Номзоднинг дастурида миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ҳар томонлама ошириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, ерларнинг унумдорлигини ошириш ва экин майдонлари таркибини оптималлаштириш, ижтимоий инфратузилмаларни такомиллаштириш, бандликни таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Мамлакатимизда барча ҳудудларни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли Фарғона вилояти ҳам изчил тараққий этмоқда. Ўтган йили вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 8 фоиз ўсди. Фарғона вилоятини 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишларида 3 минг 881 лойиҳа амалга оширилиб, 23 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Барча манбалар ҳисобидан 584 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди.

Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликка кенг эркинлик бериш ҳисобига жорий йилда 2 минг 260 янги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, уларнинг сони 18 минг 775 тага етди.

Видеоконференция тарзида ўтган очиқ мулоқотда меҳнат фахрийси О.Ҳошимов, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири Э.Сиддиқова, Фарғона компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси М.Ғаффоржонова ва бошқалар мамлакатимизнинг ўз тараққиёт йўли – “ўзбек модели” барча соҳаларда улкан самаралар бераётганини қайд этди. Сайловолди жараёнлари миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик тамойиллар асосида ўтаётганини таъкидлади. Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.

Манба: ЎзА

Мавзуга оид