Ўзбекистон | 08:21
1685
1 дақиқада ўқилади

Андижонда 1980-йилларда қурилган магистрал сув тармоғи янгиланади

Андижон вилоятида 1980-йилларда барпо этилган магистрал сув тармоғини реконструкция қилиш режалаштирилмоқда. Аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган ушбу масала Саида Мирзиёева иштирокида ўтказилган ишчи йиғилишда муҳокама қилинди.

Фото: Телеграм / SShMirziyoyeva

Саида Мирзиёева Андижон вилояти раҳбарияти ва туман ҳокимлари иштирокида ишчи йиғилиш ўтказди.

Унда республика, вилоят, туман ва маҳалла даражасидаги долзарб масалаларни ҳал этишда барча бўғинлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Шунингдек, қарорларни тезкор қабул қилиш, уларнинг ижро муддатлари ва масъулларини аниқ белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган асосий масалалардан бири 1980-йилларда қурилган магистрал сув тармоғини янгилаш бўлди. Қайд этилишича, мазкур иншоот кўплаб хонадонлар, маҳаллалар ва ташкилотларнинг сув таъминоти учун муҳим аҳамиятга эга.

Шу муносабат билан магистрал сув тармоғини реконструкция қилиш ишларини кечиктирмасдан бошлаш зарурлиги таъкидланди. Лойиҳанинг амалга оширилиши аҳолини барқарор ва сифатли ичимлик суви билан таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид