Жаҳон | 13:58 / 05.11.2016
8226
2 дақиқада ўқилади

Индонезия президенти Австралия сафарини бекор қилди

Фото: EPA/MAST IRHAM

Индонезия президенти Жоко Видодо мамлакат пойтахти Жакартада ташкил этилган тартибсизликлар туфайли Австралияга режалаштирган сафарини бекор қилди. Бу ҳақда, Reuters агентлиги Австралия бош вазири Малколм Тернбуллга асосланиб хабар қилмоқда

Видодо бекор қилинган ташриф доирасида икки томонлама учрашувлар ўтказиши ва 7 ноябрда Австралия парламентида маъруза қилиши керак эди. 

Бундан аввал, Индонезия раҳбари мамлакат пойтахтидаги тартибсизликларда  "сиёсий ғаразгўй"ларни айблади. У шунингдек, Жакартага бошқа шаҳарлардан келганларни ҳамда маҳаллий фуқароларни тезроқ уйларига қайтишга чақирган. 

Турли маълумотларга кўра, 50 мингдан 200 минг кишигача қатнашган норозилик намойишлари пойтахт губернатори Басуки Чахая Пурнамага қарши бўлган. У Ислом динига нисбатан ҳақоратли сўзларни гапирганликда айбланган. Мамлакат полицияси губернаторни ушбу масала бўйича сўроққа тутишга ҳам улгурган. 

Давлат раҳбари Жакарта етакчисининг сўзлари борасида "тез ва синчковлик билан тергов ўтказилиши"га ваъда берган. Эслатиб ўтамиз, Индонезия аҳолиси сони 250 млнга яқин бўлиб, уларнинг 88 фоизи Ислом динига эътиқод қилади. 

Аввал бошида тинч норозилик намойишлари деб номланган юриш 4 ноябрь куни тушда кейин бошланган. Дастлаб у ҳақиқатдан ҳам тинч кайфиятда давом этган. Аммо, кечга яқин намойишчилар ҳукумат биноси тўсиқларини бузишга уринишган. Полициячиларга тош ва шишаларни улоқтирган. Бир неча автомобилни ёқиб юборишган. Шундан сўнг, ҳуқуқ идоралари ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичларни қўллашга мажбур бўлган. Намойишларда 1 киши ҳаётдан кўз юмган, 12 киши яраланган. 

Мавзуга оид