Жаҳон | 16:57 / 06.11.2016
11037
2 дақиқада ўқилади

Франция Мудофаа вазири Раққага зудлик билан ҳужум бошлашга чақирди

Фото: Reuters

Франция Мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан Europe 1 радиосига берган интервьюсида айтиб ўтдики, АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари ИШИДнинг Суриядаги «пойтахти» саналмиш Раққа шаҳрига зудлик билан ҳужум қилиши даркор.

Унинг сўзларига кўра, буни ўз вақтида, ироқлик ҳарбийлар ва курд бўлинмалари Ироқдаги Мўсул шаҳрини ИШИДдан озод этиш учун ҳарбий ҳаракатларни давом этаётган вақтда бошлаш зарур.

«ИШИДга қарши кураш Мўсулда кечмоқда, аммо жангариларда Раққани ўз ичига олган катта ҳудуд ҳам бор», — деган вазир.

Ле Дрианнинг қайд этишича, Раққа учун жангларда Ғарб мамлакатларининг қуруқликдаги қўшинлари иштирок этмайди. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳарбийлар халқаро коалиция самолётлари ёрдамида Раққа устидан назоратни қайтариб олишга қодир.

«Менимча, буни бугуноқ бошлаш керак», — дея унинг сўзларини келтирган Reuters.

Шу билан бирга вазир жанглар узоқ ва оғир кечиши мумкинлиги истисно этмаган. У ИШИД жангарилари Раққанинг маҳаллий аҳолиси ичига сингиб кетганини таъкидлаган.

Бундан олдинги хабарларда Туркия томони «Фрот қалқони» амалиёти ҳамда ироқликлар Мўсулни ИШИДдан озод этиши ортидан Раққага ҳужум бошламоқчи экани ҳақида хабар берилганди.

Сурия шимолида жойлашган Раққа шаҳри 2014 йилнинг 13 январидан буён ИШИД назорати остида бўлиб турибди ва бу шаҳар ташкилот «пойтахти» сифатида қаралади. 

Мавзуга оид