Жаҳон | 22:32 / 09.11.2016
8868
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған: Туркия Ғарб учун иккинчи навли давлат бўлиб қолмоқда

Фото: © AP

Туркия Ғарб учун иккинчи навли давлат бўлиб қолмоқда, деб айтди Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған.   

"Биз қандай тараққиётга эришмайлик, Ғарб кўз ўнгида биз доим иккинчи навли бўлиб қолмоқдамиз. Биз бу аччиқ ҳақиқатни ярим асрдан бери давом этаётган Туркиянинг Европа Иттифоқига интеграцияси жараёнида англадик", деб айтди Эрдўған Истанбулдаги бизнес-форумда. Бу ҳақда Anadolu ахборот агентлиги маълум қилди. 

Эрдўғаннинг айтишича, Ғарб давлатларининг кўпи учун Шарқ содда удумлар ва тор дунёқараш деб тушунилади. "Кўпчилик маданиятларнинг бешиги ҳисобланган Шарқ қадриятлари шкаласида бундай ёндашувга ўрин йўқ. Ғарбнинг баъзи вакиллари виждонсизларча Туркия ва Европа Иттифоқи музокаралари жараёнини қайта кўриб чиқиш керак, деб таъкидламоқдалар. Фикримча, улар ҳаттоки бу таклифни билдиришга кеч қолишди. Бу жараённи тезроқ кўриб чиқинг, бироқ бунда тўхтаб қолманг ва якуний қарорни қабул қилинг", деб таъкидлаб ўтди Эрдўған. 

9 ноябрда Европа комиссияси Туркиянинг Европа Иттифоқига кириши бўйича эришган тараққиёти ҳақида ҳисобот чоп этди. Ҳисоботда Анқаранинг фуқаролик жамияти, инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги соҳаларидаги сиёсатида ўпирилишлар борлиги таъкидланган. Еврокомиссия шунингдек Туркиянинг турк қонунчилигини Европа Иттифоқи меъёрларига мослаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини етарлича деб ҳисобламади.

 

Мавзуга оид