Жаҳон | 16:13 / 09.11.2016
6422
2 дақиқада ўқилади

Сайловчилар Колумбия округи АҚШнинг 51-штати бўлиши учун овоз берди

Фото: Washington Post

Вашингтон штати ҳудудидаги Колумбия федерал округи аҳолисининг 80 фоизи 8 ноябрь куни бўлиб ўтган референдум чоғида маъмурий мақомни штатга ўзгартириш учун овоз берган. The Washington Post хабарига кўра, энди Колумбия АҚШ 51-штатига айланиши мумкин.

Референдумга қўйилган маъмурий мақомни ўзгартириш лойиҳаси Колумбия ўзини штат деб эълон қилиши, бироқ ҳукумат тузилмалари жойлашган федерал округни ўз ҳудудида сақлаб қолишини назарда тутади.

Сайловчилар нашрга солиқ тўловчи фуқаролар сифатида алоҳида штат бўлиш ҳамда Конгрессда вакилга эга бўлишга ҳақли эканликларини айтишган.

Айни вақтда бу округдан Конгрессда вакил йўқ, ҳолбуки Вашингтонда 672 минг киши истиқомат қилади. Бу эса бир қанча штатлар аҳолисидан кўпни ташкил қилади. Колумбия округида Оқ уй, Олий суд, АҚШ Конгресси ва бошқа кўплаб давлат муассасалари бинолари жойлашган.

Референдумдан сўнг АҚШ Конгресси Колумбияга штат мақомини бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши, уни парламентнинг ҳар иккала палатаси маъқуллаши, охирида эса унга президент имзо чекиши кутилмоқда.

Бунгача ҳам округга штат мақоми бериш таклифи бир неча бор билдирилган, аммо ҳар сафар рад этилган.

Бугун мамлакат президенти сифатида сайланган Дональд Трампга Колумбия округи бўйича савол беришди, у эса бу жуда жиддий масала эканини айтиб, аниқ жавоб беришдан қочди.

АҚШда сўнгги бор энг янги штатлар 1959 йили пайдо бўлган. Ўшанда Аляска мамлакатнинг 49-штати, Ҳавайи ороллари эса 50-штатига айланган.

Мавзуга оид