Ўзбекистон | 11:39 / 17.11.2016
10363
3 дақиқада ўқилади

Таниқли сайёҳ ва журналист, Пулитцер мукофоти лауреати Пол Салопек Андижонда бўлди

Суратлар : Элмурод Эрматов

Африкадан Жанубий Америка томон яёв саёҳатини давом эттираётган америкалик таниқли журналист ва ёзувчи National Geographic журнали мухбири, икки бора Пулитцер мукофоти соҳиби -  Пол Салопек Андижонга етиб келди. Охирги олти ой давомида Пол Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудлари - Устюрт, Нукус, Хива шаҳарларида бўлиб, Қизилқумни босиб ўтгач, Бухоро, Самарқанд, Тошкент сингари тарихий обидаларга бой шаҳарлар билан танишган. Водий вилоятларида сафарини давом эттираётган Салопек куни кеча Андижонга етиб келди. 

Андижонга ташрифи чоғида  таниқли сайёҳ билан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Махамаджан Нишанов учрашиб, Салопек томонидан юртимизда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Ёзувчи ва журналист саёҳат таассуротлари билан ўртоқлашиб, келгуси режалари ҳақида гапириб берди. У бошланган ишнинг мазмун-моҳияти ҳақида тўҳталар экан, энг қадимги одамлар сайёрамизнинг турли ҳудудларига тарқалиши(миграцияси) давомида Африкадан Жанубий Америка томон йўлга чиқиб, шу йўналиш орқали ўтроқлашгани ва лойиҳага айнан мазкур йўл танланганига изоҳ берди. У юртимизнинг қадимий ёдгорликлари, ўзига ҳос гўзал табиати, инсонларининг меҳмондўстлиги унда катта қизиқиш уйғотгани ҳақидаги сўзлади. 

Пол Салопек Андижон сафари чоғида миллий таомларимиздан бўлган паловнинг қандай тайёрланиши билан  танишиб, ундан татиб ҳам кўрди.

 “Сайёҳатга пиёда чиқишимга сабаб,  энг қадимги инсонларнинг ер юзига тарқалиши пайтида юрган йўллари ва у ерларда яшаётган халқларнинг ҳаёт тарзи, маданияти билан яқиндан танишишдир”,- дейди Салопек. 

Ўзбекистонда бўлиб, Қирғизистон орқали Ҳитой томон йўл олишни кўзлаган журналист сафари давомида ўзи бўлган жойларнинг табиати ва йўлдаги сафар таассуротларини мақола, фото ва видео кўринишида интернет орқали ўқувчиларга етказиб бормоқда. Пол ушбу лойиҳа бўйича яёв саёҳатини 2013-йили бошлаган эди.

      

Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид