Ўзбекистон | 22:54 / 24.06.2026
494
2 дақиқада ўқилади

Одамлар турмушини яхшилашга қаратилган ўзгаришлар ўн йиллаб чўзилмаслиги керак - Саида Мирзиёева

Президент Администрацияси раҳбари Андижон вилоятида поликлиника, мактаб ва боғчани кўздан кечирди.

Фото: Telegram / Саида Мирзиёева

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Андижон вилоятига ташриф буюрди.

«Бугун Андижон вилоятида зудлик билан эътибор қаратилиб, янгиланиши талаб этилаётган бир нечта объектда бўлдик.

Олтинкўл туманидаги “Кўмакай” оилавий поликлиникасини кўздан кечирдик. Ушбу бинодан 1988 йилдан буён фойдаланиб келинмоқда, у бугунги кун стандартларидан анча орқада қолган.

Шунингдек, 9-сонли боғча ва 36-сонли мактабда ҳам бўлдик. Боғча 1970 йилларда қурилган оромгоҳ ўрнида жойлашган. Мактаб биноси ундан ҳам эски — 1960 йилда барпо этилган бўлиб, сиғими ўқувчилар сонига мос келмайди. Ҳар икки объект янгидан қурилади.

Гап тиббиёт ва таълим ҳақида кетар экан, шифокор ва ўқитувчининг иш жойи, яратилган шароит, фарзандини мактаб ёки боғчага кузатаётган ота-онанинг кўнгли тўқ бўлиши — энг муҳим, биринчи галдаги масаладир. Одамлар турмушини яхшилашга қаратилган ўзгаришлар ўн йиллаб чўзилмаслиги керак. Жараённи тезлаштириш, аниқ ва сезиларли натижа тез фурсатда амалда кўриниши лозим», деб ёзди у ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид