Жамият | 19:35 / 18.11.2016
25587
4 дақиқада ўқилади

Пластик карточкали “ғалати одам”нинг бошидан кечирганлари (ўткир ҳажвия)

Ташқарида XXI асрнинг 16-йили. Тараққийлашмаган нарса қолмади деярли. Инсон ҳаётига нимаики, зарур бўлса, барчаси технологиянинг энг сўнгги ютуғи билан бойитилган ва бу нарса ҳамон шиддат билан давом этмоқда.

Шу жумладан, турли соҳа йўналишларида ҳам инсон манфаатини кўзловчи, унинг ҳаётини енгиллаштирувчи ва унга хизмат қилувчи қатор ютуқлар қўлга киритилмоқда.

Эҳ, қандай яхши. Жуда дориломон кунларда яшаяпмиз, деган ўйда ишхонага кириб бораман. Кайфиятим аъло, бунинг устига бугун ишхонадагилар билан футбол ўйини ҳам бор экан. Нур устига аъло нур...
“Шошма, шошма”,дейман ўзимга ўзим. Ахир футболда кийиш учун бутсам йўқ-ку. Ҳа, майли, ҳеч қиси йўқ. Ўтган куни маош беришган. Ҳали ишлатиб улгурмадим. Шу баҳонада бир бутсалик бўлиб оламан.

Яхши ният ярим мол дейишганидек, ниятим холис экан шекилли, раҳбаримиз ўз машиналарида мени дўконга олиб борадиган ва шахсан ўзлари менга энг зўр бутса танлаб берадиган бўлдилар. Юзимиздаги жиддийликни йиғиштириб қўйдик-да, ўпкамизни чуқур ҳавога тўлдириб, Тошкентдаги “Динамо” спорт товарлари сотиладиган дўконга ташриф буюрдик.

Ана сизга спорт товарлари-ю, мана сизга янгиликлар. Кўзинг шошади. Қай бирини олсам экан, деб васвасага тушасан. Хуллас, апил-тапил бир бутсани танлаб, нархини савдолашиб, дўкон эгасига қарата ичида бир ойлик меҳнат терим жамланган пластик карточкани узатаман.
Ана шунда...
Ана шунда қуёш бошим узра думалагандек, дўкондаги товарлар қўрқинчли махлуқлар қиёфасида менга иржаяётгандек, бутсалар ўзлари юриб, дўкон ташқарисига чиқиб кетишаётгандек, хуллас, ўзга сайёрага тушиб қолгандек бўламан.
“Бизда пластик ўтмайди”...
Катта бир мушт чаккамга келиб тушган мисол, бироз гандираклаб кетаман, бошим лўқиллайди. Кўзларим қароғи катталашиб, сўрайман?

“Нега?”

“Булар нақд пулга келган. Агар пластикка савдо қилсангиз, чегирмалар бўлмайди, қайтанга устига фоиз қўшиб берасиз”...
Раҳбаримга қарайман. Унинг кўзларида “Бир ойлик меҳнатинингни пластикка тушириб берганим учун мени кечир. Озиб-ёзиб ўзинга бир нима сотиб олмоқчи бўлганингда шўринг қуриб, ҳолинга маймунлар йиғламоқда”, деган маънони кўраман.

Иккита бутсанинг пулига битта бутса сотиб олиб кўчага чиқаман. Баданимга қуёш тегиб, ўзимга келаман. Менда на футбол ўйнашга иштиёқ, ва на ишлашга хоҳиш қолган эди. Бутса солинган елим пакетни шилдиратганча, бошим энган томон судраламан...
Кулгили шундайми? Бу бўлиб ўтган воқеа, у шунчаки ҳажв билан бойитилди. Чунки бу мавзуда жиддий мақолалар чунонам ёзилдики, улардан кичикроқ бир кутубхона пайдо қилса бўладиган бўлиб қолди. Шунинг учун ўз устимдан ўзим кулгандек, мана шу ҳолатда баён қилдим.

Бир танишим ойлиги тушгани учун онасига қандайдир маиший техника сотиб олиб бераман деб уятга қолганини эшитдим. Фарзанд ўз маошидан онасига совға олиб бера олмаяпти. Сабаб?
-дўконларда пластик карточка ўтмайди;
-ўтадиганларида ҳам нарх-наво бир баравар кўтарилади.

Хуллас калом, пластик карточкангиздаги пулга музлатгич олмоқчи бўлсангиз, иккитасининг пулини солиб бораверинг. Бунинг учун қанча ишлайсиз, неча кун овқатланмайсиз бу ёғи сизнинг муаммоингиз.

Ёки гапларим нотўғрими? 

Сарвар Анвар ўғли

Мавзуга оид