Ўзбекистон | 16:52 / 01.06.2017
19960
3 дақиқада ўқилади

Пластик карточка ишлаб чиқариш ўсмоқда, бироқ унинг таъминоти сифати-чи?

2017 йилнинг биринчи чорагида Пластик карталар ишлаб чиқариш 15 фоизга ўсди, деб хабар беради Ягона умумреспублика процессинг маркази PR-хизмати 

Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда 82 мингта пластик карта ишлаб чиқарилган, бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 15 фоиз кўпдир. 2016 йилнинг биринчи чорагида республикамизда ишлаб чиқарилган карталарнинг умумий сони 71 мингтани ташкил этган эди.

Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази (ЯУПМ) маълумотларига кўра, 2017 йилнинг биринчи чораги мобайнида банк пластик карталаридан фойдаланилган ҳолда, пировардида 14,7 триллион сўмлик 245 мингта транзакция амалга оширилган. Ушбу ҳолат умумий транзакциялар сони (19,2%) билан бирга, транзакциялар суммаси (47,7%) ҳам ортганидан далолат беради. Жумладан, ўтган йилнинг шу даврида умумий транзакциялар сони 180 мингтани, транзакцияларнинг умумий суммаси эса 10 триллион сўмни ташкил қилган эди.

Электрон тижорат бўйича хулосавий маълумотларга қараганда, 2017 йилнинг биринчи чорагида e-commerce билан алоқадор транзакциялар сони 86,5 миллионтани ташкил қилиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 78 фоизга кўп экани эътироф этилган. Яъни, ҳисобот даврининг бир йил аввалги кўрсаткичларида 49 миллионта транзакция қайд этилган эди. Электрон тижорат бўйича транзакцияларнинг умумий суммаси 2017 йилнинг биринчи чорагида 16 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос давридаги 8,5 триллион сўмга нисбатан 88 фоизга ўсишни қайд этди.

«Ўзкарт» БТТ фаолияти якунларига кўра, 2017 йилнинг апрель ойи давомида DUET («оффлайн») карталари орқали амалга оширилган банклараро транзакциялар сони ва умумий суммаси бутун тизим бўйича транзакцияларнинг умумий ҳажмида 0,7 фоиз ва 0,5 фоиз, UZCARD EMV («онлайн») карталари бўйича транзакциялар улуши эса – мувофиқ равишда 99,3 фоиз ва 99,5 фоиз кўрсаткичларини қайд этди.

Шу тариқа, «UZCARD» тўлов тизимининг «оффлайн» платформадан «онлайн»га ўтиши қарийб ниҳоясига етди.

Таҳририятдан: Юртимизда 20 млнга яқин пластик карточка фойдаланувчилари мавжуд бўлиб, пластик карточкалар ишлаб чиқариш сонида ўсиш кўзга ташланаётган эса-да, банкларимиз томонидан мижозларни пластик карточкалар билан таъминлаш борасидаги ишлар кўнгилдагидек йўлга қўйилган, деб бўлмайди асло. 

Масалан, ҳеч бир банк мурожаат этилган заҳоти пластик карточка тақдим эта олмайди, бунга камида 3 кун талаб этилади. Боз устига, кейинги пайтлар пластик карточкалар етишмаслиги ортидан аввал фойдаланилган, эски пластик карточкалар устидаги ёзувлар ўчирилиб, янги мизожларга берилаётгани ҳолатлари ҳам учраб турибди. 

Мавзуга оид