Жамият | 13:35 / 14.06.2018
18196
4 дақиқада ўқилади

Пластик карточкалардан пул ўмарган киберфирибгарлар қўлга олинди

Фото: iStock

Ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар орқали пластик карталар ёрдамида амалга оширилган жиноятлар жабрланганлар томонидан келиб тушган қатор аризаларни қабул қилинганидан сўнг, ушбу кибержиноятларни фош қилиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилди ва жиноятчилар қўлга олинди, деб хабар бермоқда Ягона умумреспублика процессинг маркази ахборот хизмати.

Интернет тармоқларида шубҳали манбалар орқали маълумот олиш, норасмий иловаларни юклаб олиш, эълон ва электрон манзилларга жавоб бериш мумкин эмас, деган “ёзилмаган қоида” бекорга амал қилмайди. Жумладан, шубҳали ва ишончсиз манбаларга мурожаат қилиш натижасида нафақат маълумотларингиз тарқалиб кетади, балки ўз пул маблағингизни йўқолишига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Бир неча ой олдин содир этилган ҳодиса юқорида қайд этилган қоидаларнинг асосли эканлигидан далолат беради.

Қайд этилишича, Сирдарё вилоятида яшовчи, Ўзбекистон фуқароси вирусли мобил иловани яратиб уни Play Маркетга жойлаштирган. Уни юклаб олган фойдаланувчилар бир оздан сўнг 10 000 сўм пул миқдорини тўлашмаса, телефон рақамлари блокланиши тўғрисида хабар олишар эди. Тўлов амалга оширилгандан сўнг, фойдаланувчига шубҳали телефон рақамидан смс-хабар етказилар эди. Ушбу кетма-кетликнинг ўзи телефон ва Telegram ижтимоий тармоғидан фойдаланиш имкониятини яратиб берилишига етарлича эди. Шу йўл орқали жиноятчилар Telegram ижтимоий тармоғидаги Click-бот орқали картадаги пулларни ишлатган. Бироқ, жиноятчиларнинг ушбу хатти-ҳаракатлари тезкор равишда аниқланиб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Click-бот орқали амалга оширилган ўғирлик содир этилган бир қатор киберўғриликларнинг биридир. 

Бундан ташқари, бемор боланинг даволанишига қаратилган хайрия акцияси ташкиллаштирилган эди. Эълонда даволаниш учун пул ўтказилиши мумкин бўлган пластик картанинг реквизитлари келтирилган эди.  Жиноятчи эълонда кўрсатилган пластик картага тегишли маълумотни Оson мобил иловасига киритиб, карта эгаси билан қўнғироқ орқали боғланади ва пул ўтказилганлигига тегишли тасдиқловчи кодни овоза қилишини сўрайди. Махфий кодга эгалик қилган қаллоб, эълонда келтирилган пластик картани осонликча мобил иловага боғлаб туриб, ундаги маблағларни бошқарган. Ўтказилган қидирув-суриштирув ишлари натижасида жиноятчилар аниқланиб, қўлга олинган.

«Яна бир бор расмий равишда билдириб ўтамиз, марказимизда пластик карталар билан боғлиқ кибержиноятарни қисқа вақт ичида аниқлаш имкони мавжуд. Банк ёки ҳуқуқ-тартибот органларидан бу каби жиноятларни фош қилишга тегишли сўровнома келиб тушганида, бизнинг марказимиз томонидан пластик картага тегишли жиноят юзасидан керакли ҳужжатлар тақдим қилинади. Аниқроғи, Ягона умумреспублика процессинг маркази ходимлари автоматлаштирилган дастур ёрдамида жиноятчини тезкор равишда аниқлаш имконига эга.  

Фурсатдан фойдаланиб карта эгаларини эҳтиёткорлик чоралари билан такроран таништириб ўтмоқчимиз:

- картангизни хавфсиз жойда сақланг;
- PIN-кодингизни учинчи шахсларга ишонманг ва жамоат жойларда овоза қилманг;
- пластик картангиз боғланган мобил иловага тегишли паролни ҳеч кимга айтманг;
- ижтимоий тармоқлар орқали пластик картангизнинг суръатларини юборманг;
- фойдаланувчини идентификациялаш учун телефон рақамга келадиган текширувчи паролларни учинчи шахсларга айтманг;
- пластик картанинг ўзида PIN-кодингизни эслатма тариқасида ёзиб қолдирманг», - дейилади хабарда.  

Мавзуга оид