Ўзбекистон | 12:55 / 23.11.2016
4685
4 дақиқада ўқилади

Сайлов кампанияси ошкоралик ва тенглик муҳитида ўтмоқда

Фото: ЎзА

Жорий йил 4 декабр куни ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун мамлакатимизга келган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари вилоятларда бўлиб, ушбу сиёсий тадбирга кўрилган тайёргарлик ишлари билан танишмоқда. 

ЎзА мухбири Фарғона вилоятига келган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги миссияси узоқ муддатли кузатувчиси Эвгений Козяк билан суҳбатлашди.

– 11-Фарғона округ сайлов комиссиясида, Фарғона шаҳридаги 673-, 693-, 699-, 729-сайлов участкаларида бўлдим. Сайлов участкалари қандай ташкил этилгани, уларнинг сайлов жараёнига тайёргарлик ҳолати, мазкур жараёнда илк бор қатнашаётган ёшлар билан олиб борилаётган ишларни ўрганиб чиқдим. Сайловчилар рўйхати кўзга кўринадиган жойга илиб қўйилган. Она ва бола, тиббиёт хоналаридаги шароитлар таҳцинга лойиқ. Европанинг қатор мамлакатларидаги сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этганман. Лекин уларда бундай шароитларни кўрганим йўқ. Ўзбекистоннинг бу тажрибасидан халқаро миқёсда кенг фойдаланиш керак, деб ўйлайман, деди Е.Козяк. Мамлакатингизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлаш мақсадида халқаро талабларга тўла жавоб берадиган мустаҳкам тизим яратилган. Барча соҳаларни изчил демократлаштириш доирасида миллий сайлов қонунчилиги ҳам такомиллаштирилмоқда. Жамиятни эркинлаштириш ва демократлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар одамлар дунёқарашини, турмуш даражасини юксалтирмоқда, уларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. 

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида улкан ишлар амалга оширилган. Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўли тўғри ва самарали эканини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Саноат, қурилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, автомобил ва темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантириш каби кўплаб соҳаларда салмоқли натижаларга эришилаётгани диққатга сазовор. Буларнинг барчаси мамлакатингизда иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича самарали ишлар олиб борилаётганидан далолатдир. 

Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилиги билан яхши танишман. Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнини кузатар эканман, барча ишлар қонунда белгиланган тартибда, очиқлик ва тенглик асосида ташкил этилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. 

Пухта тайёргарлик – ҳар қандай сиёсий тадбир, айниқса, демократия кўзгуси бўлган сайловларнинг муваффақиятли ўтишида асосий омил ҳисобланади. Бу жараёнда участка сайлов комиссиялари зиммасидаги масъулият катта. Уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонунчиликдаги ўзгаришлар билан таништириш борасида ташкил этилаётган семинар-тренинглар ҳам муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этиш керак. 

Қисқача айтганда, сайловга тайёргарлик ишлари барча норма ва стандартларга мувофиқ ташкил этилган, сайлов участкалари зарур техника воситалари билан жиҳозланган, Марказий сайлов комиссияси ходимлари, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари фаолияти самарали йўлга қўйилган. Сайлов кампанияси тенглик ва соғлом рақобат муҳитида ўтмоқда. Бўлажак сайлов Ўзбекистон халқи бу сиёсий жараёнга масъулият билан ёндашишини, Ватан тақдири ва келажаги учун бефарқ эмаслигини намойиш этишига ишонаман. 

Мавзуга оид