Жаҳон | 19:57 / 25.11.2016
6647
2 дақиқада ўқилади

Ироқдаги терактда ҳалок бўлганлар сони 125 нафарга етди

24 ноябрда Ироқнинг Хилла шаҳри шарқида содир этилган теракт 125 нафар одамнинг ҳаётига зомин бўлди, яна 95 нафар одамнинг яраланишига сабаб бўлди. Бундай маълумотларни Қатарнинг "Аш-Шарқ" портали келтирмоқда.

Миналаштирилган юк машинаси Бобил вилоятининг маъмурий маркази бўлган Хилла шаҳри шарқидаги АЁҚШда ҳудкуш томондан портлатилган. Портлаш оқибатида бир неча ўнлаб эронлик зиёратчилар ҳалок бўлган. Улар яқин атрофда жойлашган Карбала шаҳридан қайтаётган бўлганлар. У ерда зиёратчилар Арбаин диний маросимига бағишланган кўп миллионлик тадбирда иштирок этишган. Бу маросим Ашуро кунидан 40 кун ўтгач нишонланади. Турли маълумотларга кўра, теракт оқибатида 40 дан 60 нафаргача эронлик ҳалок бўлган. 

Эрон Қизил Яримой жамияти раҳбари Али Асқар Аҳмадий ҳалок бўлган эронликларнинг аниқ сонини ҳозирча айтишнинг имкони йўқлигини айтган, чунки жасадлар кучли ёниб кетган, уларнинг шахсини ўрнатиш эса секин кечмоқда.

Теракт вақтида АЁҚШда ичида зиёратчилар бўлган бир неча микроавтобус бўлган. Портлаш кучидан яқин орадаги бир нечта иншоотлар қисман ёки тўлиқ вайрон бўлган, бир неча ўнлаб машиналар ёниб кетган. Шифокорларнинг айтишича, баъзи яраланганларнинг аҳволи жуда оғир ва шунинг учун қурбонлар сони ошиши мумкин.

Теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.

 

Мавзуга оид