Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди. Номзоднинг учрашувдаги нутқи тўлиқ ҳолда «Тошкент оқшоми» газетасида чоп этилган.
У ўз чиқиши аввалида Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримовнинг ватан олдидаги хизматларини ҳамиша қадрлаш барча учун «фарз ва қарз» эканини таъкидлаган. Шавкат Мирзиёев минглаб ташаббускорлар томонидан Тошкент шаҳрида Ислом Каримов номидаги майдон барпо этиш ва унга биринчи президент ҳайкали ўрнатилиши бўйича таклифлар билдирилаётганини айтиб ўтиб, бу ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақирган.
Олдиндаги вазифалар тўғрисида сўзлар экан Шавкат Мирзиёев халқ эркин овоз бериш, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш орқали ўзининг эртанги куни, мамлакатнинг келгуси ривожланиш йўлини яна бир бор аниқлаб, тасдиқлаб олишини таъкидлаган.
Президентликка номзод Тошкент аҳолисининг маданият, санъат, фан, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар ривожига қўшган ҳиссаларини эътироф этган.
У замонавий ўзбек илм-фани тарихи ва тараққиётини албатта Тошкент шаҳрисиз тасаввур этиб бўлмаслигини, бугунги кунда Тошкент йирик илмий ва маданий марказ,том маънода маърифат ва маънавият, ёшлар ва талабалар шаҳри ҳисобланишини қайд этиб ўтган.
Шавкат Мирзиёев зиёлиларнинг меҳнати қанчалик оғирлигини яхши билишини айтиб, уларни ўзига яқин олиши, уларни жамиятни олға етаклайдиган фидойи инсонлар сифатида билишини таъкидлаган. У ўз сайловолди дастурида интеллектуал соҳа аҳлининг меҳнатини қадрлаш, уларнинг изланишларини рўёбга чиқариш учун зарур шароит яратиб бериш масаласи кенг ўрин эгаллаганини қайд этган.
«Мана, 40 йилдирки, менинг ҳаётим ва фаолиятим жонажон Тошкент шаҳри билан боғлиқ ҳолда кечмоқда. Айни шу азим шаҳарда олий таълим олдим, туз-насиба топиб, оилали бўлдим, фарзандлар, набиралар кўрдим, минг-минглаб дўсту биродарлар, маслакдошлар орттирдим. Қанча-қанча улуғ инсонлар билан мулоқотда бўлиш, биргаликда ишлаш бахти насиб этди. Қаерда, қайси вазифада ишламайин, пойтахт аҳлининг самимий муносабати, меҳр-оқибатини, қўллаб-қувватлашини доимо ҳис қилиб келаман ва бунинг учун яна бир бор барчангизга миннатдорчилик билдираман. Гўзал пойтахтимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган улкан ишларда менинг ҳам камтарин ҳиссам борлигидан ҳамиша фахрланиб юраман», дея қўшимча қилган у.
Шавкат Мирзиёев шаҳарни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқилганини, унда асосий эътибор янги иш ўринлари яратиш ҳамда транспорт, уй-жой ва бизнес инфраструктурасини ривожлантиришга қаратилишини маълум қилди.














