Жаҳон | 20:44 / 26.11.2016
31721
3 дақиқада ўқилади

Дунё етакчилари Фидель Кастронинг ўлими ҳақида

Фидель Кастро Куба давлат кенгаши ва вазирлар кенгаши раҳбари лавозимида 40 йил (1976 йилдан буён) фаолият юритди ва 25 ноябрь куни 90 ёшда ҳаётдан кўз юмди. Дунё етакчилари сиёсий майдонда ўзига хос ўринга эга бўлган Кастронинг ўлими муносабати билан унинг яқинлари ва Куба халқига ҳамдардлик билдиришмоқда. 

Россия президенти Владимир Путин Куба давлат кенгаши ва вазирлар кенгаши раиси Рауль Кастрога телеграмма йўллаб, акасининг ўлими муносабати билан Куба халқига ўз таъзиясини изҳор этди. 

"Сизга ва Куба халқига Куба инқилоби етакчиси Фидель Кастронинг ўлими муносабати билан чуқур таъзиямни изҳор қиламан. Ушбу таниқли давлат арбоби энг янги жаҳон тарихида бутун бир давр рамзи бўлиб қолди", - дейилади телеграмма матнида. 

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг расмий сайтида ҳам давлат раҳбарининг Фидель Кастро ўлими муносабати билан Куба халқига ҳамдардлиги баён этилган таъзия мактуби эълон қилинди. 

"Фидель Кастро Қозоғистон халқи хотирасида икки мамлакат алоқаларининг мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшган доно етакчи, нуфузли сиёсатчи ва тарихий шахс сифатида муҳрланиб қолади", - дейилади Қозоғистон раҳбарининг Рауль Кастрога йўллаган телеграммаси матнида.

Франция президенти Франсуа Олланд ҳам Куба халқига ҳамдардлик билдирган етакчилар сафига қўшилди. Бу ҳақида Елисей саройининг расмий сайтида маълум қилинди.

"У Куба инқилоби тимсоли эди. У Совет Иттифоқининг парчаланишига олиб келган"совуқ уруш" давридаги давлат арбоби эди. У кубаликларга хорижий ҳукмронликнинг рад этилишидан фахрланиш имконини тақдим этди, - дейилади Олланднинг мактубида. - Рауль Кастро, унинг оиласи ва Куба халқига ўз ҳамдардлигимни билдираман". 

Венесуэла президенти Николас Мадуро бутун дунё инқилобчилари Фидель Кастронинг меросини сақлаб қолиб, унинг ишини давом эттиришлари кераклигини таъкидлади. 

Мексика етакчиси Энрике Пенья Ньето "Фидель Кастро  Мексиканинг дўсти бўлганлиги ҳамда унинг икки томонлама алоқаларни ҳурмат ва ҳамжиҳатликка асосланиб, юритганлигига урғу берди. 

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди инқилобчининг ўлимини "фожиа", деб атади ва Кастрони "XX асрнинг энг нуфузли шахсларидан бири" эканлигини таъкидлади. 

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча Фидель Кастронинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирмади.

Мавзуга оид