Жаҳон | 18:26 / 28.11.2016
33080
5 дақиқада ўқилади

Рамзан Қодиров: Мен ҳеч қачон рус солдатларини ўлдирганим ҳақида гапирмаганман

Фото: ТАСС

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров маълум қилдики, у Биринчи чечен уруши вақтида россиялик ҳарбийларни ўлдиргани билан мақтангани ҳақидаги гаплар тўқиб чиқарилган. У ТАСС мухбири саволларига жавоб қайтариш асносида шу ҳақида айтган.

«Ҳеч қачон, ҳеч қаерда, ҳеч кимга, ҳазил қилиб ҳам, жиддий қилиб ҳам рус солдатларини ўлдирганим ҳақида гапирмаганман. Бирон марта ҳам бу гап тилимдан чиқмаган! Бундай сўзлар тўқиб чиқарилган», — деган у.

Қодиров қайд этиб ўтганки, бундай сўзлар кўп тарқалган, лекин у биладики, «бу очиқ ёлғон».

«Ҳа, биринчи кампания вақтида мен ўз халқим билан бирга қурол кўтариб чиққанман. Ўшанда ёш ва аҳмоқ эдим, лекин ҳамиша отамнинг ёнида турганман», — деган Чеченистон раҳбари.

Ундан россиялик ҳарбийларни ўлдирган-ўлдирмагани ҳақида тўғридан-тўғри сўрашганида эса, шундай жавоб қайтарган.

«Агар жавоб қайтармасам, аввалги сафарлардаги каби мени лаънатга кўмишади! Мен ҳеч гапни яширмайман. Яна қайтараман, мен отамнинг ёнида юрганман. Ёнгинасида… У эса, бир муфтий сифатида, кўп, жуда кўп ҳарбийларнинг ҳаётини сақлаб қолган», — деган у.

Ундан Биринчи чечен уруши даврида кимларни ўзининг душмани деб билгани тўғрисида ҳам сўрашган.

«Чеченистонда 5-10 давлат фуқаролари пайдо бўлганди. Мен уларни аввал ҳеч қачон кўрмагандим, улар ҳақида эшитмагандим. Бунинг ортида Ғарб махфий хизматлари турган», деган у.

Рамзан Қодиров ҳақида тез-тез у  «16 ёшида илк марта рус аскарини ўлдиргани» ҳақида айтиб туришади. «Новая Газета» журналисти Юлия Латинина 2006 йилда маълум қилгандики, Қодиров бу гапни Шимолий Кавказ тараққиёти давлат комиссияси раҳбари Дмитрий Козак қабулида бўлганида айтган. Лекин бунга ҳужжат йўқ.

Рамзан Қодиров ўз отаси Ахмат Қодиров билан Биринчи чечен уруши вақтида федерал ҳарбийларга қарши уруш олиб борган. Зиддиятлар бошланган 1994 йилда кичик Қодиров 18 ёшда бўлган. 1999 йилда Қодировлар оиласи ваҳобийларга қарши бўлиб қолган ва Москва томонига ўтган. Уруш тугаганидан кейин эса Ахмат Қодиров Чеченистон республикасига раҳбар бўлиб олган.

Маълумот:

1991 йилда Россия Федерацияси таркибидаги Чечен-Ингуш мухтор республикаси иккига бўлинди. Ўша йилнинг октябрида эса Собиқ Совет армияси генерали Жоҳар Дудаев Чеченистон президенти этиб сайланди. 

Жоҳар Дудаев президент бўлганидан сўнг, тез орада Чеченистон бир томонлама равишда Россия таркибидан чиқишини маълум қилди.

Кейинги уч йил давомида Москва билан алоқалар таранглаша боради. Дудаев мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш мақсадида Чеченистон армиясини туза бошлайди. 

Бу вақт давомида Москва исёнчи генерални ўз итоатига қайтаришга уриниб кўради. 1994 йилнинг 29 декабрида Россия миллий хавфсизлик кенгаши Чечнистонга ультиматум эълон қилди. Чеченистон раҳбариятидан қуролларни Москвага топшириш талаб қилинади. Акс ҳолда сепаратчи республикага нисбатан ҳарбий чоралар кўрилиши айтилганди.

1994 йилнинг 11 декабрида Россия армияси Чеченистонга бостириб кирганди. Ҳарбийларнинг вазифаси сепаратчи республикада Москва назоратини қайта ўрнатишдан иборат эди. Ўша пайтда Россия мудофаа вазири бўлган Павел Грачев президент Борис Ельцинга Чеченистон пойтахти Грознийни икки соатда босиб олишни ваъда қилди. Бугун Чечен уруши 10 йилдан ошиқ вақт (2та ҳарбий кампания) давом этади.

Уруш бошлангач бир неча кунлик қуролли тўқнашувлардан сўнг Дудаев аскарлари Грознийдан чиқиб кетди. 1996 йилнинг апрелида эса Дудаев ҳалок бўлади.

Ўша йили сепаратизм тарафдорлари Грознийни қайта эгаллайди ва Москва улар билан тинчлик битимини имзолашга мажбур бўлади. Шундан сўнг мамлакатда ўтказилган сайловда Аслан Масхадов Чеченистон президенти этиб сайланади. Бу сайловлар халқаро ҳамжамият ва Москва томонидан тан олинади.

Бироқ 1999 йилнинг кузида Россия кучлари яна Чеченистонга бостириб киради ва уруш қайта бошланади.

Ўша пайтда Россия бош вазири бўлган Владимир Путин янги ҳарбий кампанияни чеченистонлик террорчиларига қарши уруш деб эълон қилиб, бу террорчиларни тезда йўқ қилишга ваъда қилган эди. Лекин уруш узоқ давом этади.

Кейинчалик Ельцин Чеченистонга қарши уруш эълон қилиш катта хато бўлганини эътироф этади. Унинг “иккинчи Афғонистон” ҳақидаги хавотирлари ҳам тўғри бўлиб чиқди.

Афғонистондаги 10 йиллик урушда 13 минг Совет аскари ҳалок бўлган бўлса, Чеченистонда Россия 2 баробар кўп аскар йўқотди. 

Чеченистондаги айирмачиларнинг ҳисобларига кўра, тинч аҳоли орасида 250 минг киши, жумладан 40 минг бола ҳалок бўлган. 

Мавзуга оид