Бугун кўпчилигингиз яхши кўрадиган Рамзан Қодиров ҳақида гаплашамиз. Октябр ойи бошида Грознийда бир воқеа содир бўлди ва ўшандан кейин «Қодировнинг ўринбосари» ҳақидаги гаплар яна кўпайди. «Магомед Даудов Қодировнинг ўрнини эгаллайдими?» деган саволлар янада баландроқ янграй бошлади.

«Чеченистоннинг вақтинча раҳбари сифатида...»

5 октябр куни Грознийда Чеченистон ҳукуматининг янги биноси очилди. Барча маҳаллий раҳбарлар иштирок этган тадбирда аввал Грозний мэри, кейин Чеченистон ҳукумат раиси Магомед Даудов сўзга чиқиб, ҳудуд раҳбари Рамзан Қодиров ва унинг отаси, Чеченистоннинг биринчи раҳбари Аҳмад Қодировни мақташди. Дарвоқе, 5 октябр Рамзан Қодировнинг туғилган куни.

Маросим давомида Магомед Даудов Рамзан Қодировга «Чеченистон қаҳрамони» унвонини топширди. Қодировда бунақа ордендан битта бор эди, бу иккинчи қаҳрамон ордени бўлди. Унда «Россия қаҳрамони» деган ордендан бор. Қодировларнинг орден, мукофотдан муаммоси йўқ.

Аслида қайсидир Қодировга қанақадир орден топширилиши янгилик эмас, лекин мукофотни топшириш жараёнида Магомед Даудов айтган гап кўпчиликнинг эътиборини тортди: «Мен Чеченистон республикаси раҳбари вазифасини бажарувчи сифатида буюк Аҳмад Қодиров жамоасининг барча аъзолари ташаббуси билан Рамзан Қодировга «Чеченистон қаҳрамони» унвонини бериш тўғрисида фармон имзоладим».

Даудовнинг расмий лавозими Чеченистон ҳукумат раиси, лекин у ўз нутқида фармонни «Чеченистон раҳбари вазифасини бажарувчи сифатида» имзолаганини айтди. Ваҳоланки, ҳеч бир федерал идора Чеченистонда раҳбар ўзгаргани, Даудов вақтинча раҳбар бўлгани ҳақида хабар бергани йўқ. Агар Даудов фақат шу мукофотни бериш учунгина вақтинча Қодировнинг ўрнини эгаллаган деса, бунга ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч қандай эҳтиёж йўқ: ҳудуд раҳбари ўзини ўзининг фармони билан тақдирлайверади. Масалан, Қодиров биринчи марта «Чеченистон қаҳрамони» орденини олганда, фармон унинг имзоси билан чиққан.

Энг қизиғи, видеога эътибор берсангиз, Даудов ҳужжатни «Чеченистон раҳбари вазифасини бажарувчи сифатида имзолаганига» урғу бериб гапирган. Аслида буни айтмаса ҳам бўларди, «Лорд» шундоғам катта одам. Видеода ҳам Даудовнинг айнан шу гапи кўрсатилганига қараганда, бу ерда очиқ манбаларда эълон қилинмаган нимадир бор. Ахир Қодиров кетаркан, деган миш-мишлар кеча пайдо бўлгани йўқ. Унинг ўринбосари сифатида номи энг кўп тилга олинадиган чечен ҳам Магомед Даудов. Видео бу миш-мишларни янада кучайтирди.