Жаҳон | 19:16 / 01.12.2016
6092
2 дақиқада ўқилади

Туркия Россия учун виза чекловларини бутунлай бекор қилмоқчи

Фото: ТАСС

Туркия Россия федерацияси билан виза чекловлари бекор қилинишини истайди. ТИВ раҳбари Мавлуд Човушўғлининг Аланияда бўлиб ўтган Россия ва Туркия делегациялари қўшма мажлисида маълум қилишича, Туркия икки мамлакат фуқаролари бир-бирининг ҳудудида ички паспортлар билан ҳаракатланишини йўлга қўйиш ташаббусини маъқуллайди.

"Бизда муносабатларни янада ривожлантириш учун қулай имкониятлар мавжуд. Биз Россия билан виза чекловлари бутунлай ечилишини ва фуқароларимиз бу давлатга сафарлари давомида ички паспортлардан фойдаланишига эришишни истаймиз", - деган у.

Човушўғлининг фикрича, "муносабатлардаги инқироз ҳақида гапиришни бас қилиш ва ўзаро муносабатларни ривожлантириш устида ишлаш лозим".

"2023 йилгача биз ўзаро товар айланмси ҳажми 100-миллиард долларга етишини мўлжаллаганмиз. Биз шу йўналишда иш олиб бормоқдамиз. Савдо соҳасидаги чекловларни бекор қилиб Россия муҳим қадам ташлади", деган вазир.

У Россия Туркияда бир қатор "стратегик лойиҳалар", хусусан "Аккую" АЭСини қуриш лойиҳасини амалга ошираётганини таъкидлаган.

Россия ва Туркия ҳукуматлари ўртасидаги "Аккую" майдонида (Туркия жанубидаги Мерсин шаҳри) ҳамкорликда атом электр станциясини қуриш ва ишга тушириш тўғрисидаги шартнома 2010 йилда имзоланган эди.

Бу АЭС 2022 йилда ишга туширилиши режалаштирилганди.

2015 йил ноябридаги воқеалардан кейин (Су-24 уриб туширилиши) Россия Туркияда АЭС қуришни тўхтатди.

Фақат 2016 йил августига келиб Россия ва Туркия "Турк оқими" газ қувури ва "Аккую" АЭСи қурилишини тиклашга келишиб олди.

Мавзуга оид