23:38 / 02.12.2016
27734

Дунёнинг энг бой одами сувсиз ишловчи унитазга сармоя ажратди

Фото: Reuters

Дунёнинг энг бадавлат одами Билл Гейтс ва унинг рафиқаси Мелинда Гейтс сувсиз ишловчи унитазни яратишга маблағ ажратишди. Янги технология ҳақида Business Insider хабар бермоқда. Янги ихтиро учун 710 минг доллар ажратилган.

Бу антиқа унитаз Кренфилд университети олимлари томонидан яратилди. Улар бу унитазни наномембран ҳожатхона деб аташди. У шундай лойиҳаланганки, унитаз қопқоғи ёпилгандан кейин, унинг жоми 270 градусга айланиб, ўзидаги барча қолдиқларни остидаги идишга ташлайди. Сўнгра қирғич жомни яхшилаб тозалаб чиқади. Шундан кейин нанотолалар одам сийдигининг бир қисми ҳисобланган сув буғини унитаз ортидаги вертикал қувурга кўчиради ва бу буғлар у ердан сув кўринишида унинг олд қисмига тушади. Бу сув гулларни суғориш ёки кир ювиш учун етарлича тоза ҳисобланади. Қолдиқларнинг қаттиқ қисми батарейкаларда ишловчи механизм ёрдамида алоҳида камерага тушади ва ҳидни бостирувчи мум билан қопланади ва қурийди. Бир ҳафтада бир марта махсус ходим чиқиндиларни олиб кетади ва зарурат бўлганда батарейкаларни алмаштиради.

Инновацион унитаз минглаб одамлар антисанитария шароитларида яшайдиган ва тоза оқар сувга эга бўлмаган ночор ҳудудлар учун махсус яратилган. "Сувсиз" ҳожатхоналар гигиеник жиҳатдан тоза ва сувни тежашга имкон беради. Янги унитазлар Африкада синовдан ўтказилади.

 

Top