Жамият | 14:08 / 02.12.2016
5021
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда бир неча ўн минг киши амнистия қилиниши мумкин

Қозоғистонда 30 мингга яқин киши амнистия қилиниши мумкин. Бу ҳақда республика бош прокурори ўринбосари Иоган Меркель хабар қилди.

Ноябрда давлат раҳбари томонидан “Қозоғистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан амнистия қилиш” тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга кўриб чиқиш учун киритилгани хабар қилинганди.

Меркелнинг маълум қилишича, 30 мингга яқин инсон амнистияга тушиши мумкин. Жазони ижро этиш муассасаларидан 1,8 минг кишининг озодликка чиқарилиши, яна беш минг кишининг жазо муддати қисқартирилиши кутилмоқда.

Жиноий ҳаракатларни амалга оширган ва унчалик оғир бўлмаган жиноятни содир этганлар бутунлай озод этилиши, кўриб чиқишга юборилган ишлар эса бекор қилиниши мумкин.

Аввалроқ, бош прокуратура расмий вакили қонун лойиҳаси 7 декабрь куни республика бош прокурори томонидан тақдим этилиши мумкинлигини хабар қилганди.

Маълумот учун, Қозоғистонда Мустақиллик куни 16 декабрь куни нишонланади.

Мавзуга оид