Фан-техника | 20:06 / 02.12.2016
15923
2 дақиқада ўқилади

"Мерседес" антиқа фаралар яратди

Фото: motor.ru

Mercedes-Benz компанияси "рақамли" асосий ёруғлик фараларини яратди. Бу фаралар йўлга бирор символни проекциялаши мумкин ва йўлда ўзгараётган вазиятларга тезроқ жавоб бера олади. Компаниянинг ваъда беришича, "Digital Light" деб номланган бу тизим яқин орада серияли ишлаб чиқарилувчи автомобилларда пайдо бўлади.     

Асосий ёруғлик фараларининг ҳар бирига миллионтадан микроойналар жойлаштирилган бўлиб, бунинг эвазига нур кўплаб митти "пикселлар"га бўлинади. Уларни компания томонидан ишлаб чиқилган электрон блок бошқаради. 

Компьютер реал вақтда автомобилнинг турли датчикларидан келаётган ахборотни таҳлил қилиб, уларни фараларни бошқарувчи блокка аниқ вазиятга ростланиши учун юборади. Фаралар миллионлаб пикселлардан ҳар бирининг ёрқинлигини алоҳида созлаши мумкин.

Янги оптика анъанавий фараларга эга бўлган имкониятлардан ташқари, йўлга турли символларни проекциялаши мумкин. Мисол учун, кейинги бурилишгача масофани кўрсатиши, камера томонидан ўқилган йўл белгисини акслантириши, йўлдаги хавфдан огоҳлантириши ва йўл четидаги пиёдаларни кўзини қамаштирмай, уларга ёруғлик тушириши мумкин.  

Бу тизимга эга прототиплар оммага турли махсус тадбирларда тақдим қилинган. Бундай технологияга эга машиналар серияли тарзда қачон ишлаб чиқарилиши ҳозирча айтилмаган.

Мавзуга оид