Жамият | 19:56 / 02.12.2016
11658
2 дақиқада ўқилади

Тандирнинг сири ёки оғуфурушлик билан шуғулланган кимсалар фош этилди

Фото: Huffingtonpost.com

Позагарлик Қаюм Жамилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) яшаш хонадонининг томорқасида 3 туп тақиқланган “каннабис” ўсимлигини экиб етиштиради. Ўсимлик етилгач, уни сотиш тараддудига тушади. Бундан хабар топган МХХ ва туман ИИБ ходимлари гугурт қутисига қадоқланган “марихуанна” гиёҳвандлик воситасини ўзга шахсга сотаётган вақтида қўлга олишади.

Бундан ташқари, Қ.Жамиловнинг ёнидан сотиш мақсадида тайёрлаб қўйилган вазни 37,62 грамм “марихуанна” гиёҳвандлик воситаси топилади. 

Аминжон Ҳақбердиев ҳам Қаюм Жамиловнинг йўлидан юрган гиёҳфурушлардан экан. У ҳам тақиқланган ўсимликни экиб, ундан “наша” тайёрлаб сотишни кўзлаган эди.

-  2015 йил бошларида бозордан гул уруғларини сотиб олиб, уларни томорқа еримга экиб, улар орасидан униб чиққан “наша” ўсимлигини кўргач, бу гиёҳни алоҳида парваришладим. Ўсимлик етилгач, гугурт қутиларига қадоқлаб, сотиш учун сақлаб келганман. Бу ҳақда оиламдагилардан ҳеч бири билмас эди. “Наша”ни ҳовлимдаги тандирнинг ковагига яшириб қўйгандим. Бир куни танишим Қаюм Жамилов келиб мендан “наша” бор-йўқлигини сўрагач, уни қадоқлаб қўйганлигимни айтгандим. Унга бир марта 8 дона гугурт қутисига қадоқланган гиёҳвандлик моддасини келишилган нархимизга сотганман. Гиёҳвандлик моддаларини етиштириб, сотганлигимдан оиламдагиларнинг хабари бўлмаган, фақат Қаюм биларди холос, - дейди тергов жараёнида Аминжон Ҳақбердиев.

Суд Қаюм Жамиловга 7 йил, Аминжон Ҳақбердиевга 7 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Мавзуга оид