Зиданнинг «класико» арафасидаги матбуот анжуманида берган жавоблари
Мадриднинг «Реал» жамоаси бош мураббийи Зайнидин Зидан «Барселона»га қарши 3 декабрь оқшомида бўлиб ўтадиган баҳс олдидан ташкиллаштирилган матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
– Бизни жуда қийин ўйин кутмоқда. Аммо бошқа томондан қараганда, буни нормаль қабул қилиш лозим, чунки «Барселона» дунёнинг энг кучли жамоалари сирасига киради. «Реал» бу ўйинга яхши тайёргарлик кўрди. Одамлар томошабоп ўйин кўришни исташади, аммо биз хотиржамлик ва концентрацияни сақлаб қолишимиз лозим.
– Сизни дуранг қониқтирадими?
– Биз ўйинни яхши ўтказишни истаймиз. Энг асосийси – ғалабани мўлжал қилишимиз керак, бу мақсаддан тўхтасак, ютқазишимиз тайин.
– «Йил мураббийи» бўлиш учун номзодлар қаторига кирганингизга қандай муносабатдасиз?
– Мен ҳар куни нимадир ўрганишга ҳаракат қиламан. Тўғрисини айтсам, мен ҳали бу мақомга муносиб эмасман, мураббийликда ҳали тажрибам кўп эмас. Бу дунёда бу мукофот учун лойиқ кишилар жуда ҳам кўп. Мен ўзим ҳали ўсишда давом этишим кераклигини яхши биламан. Мен ўз ишимдан роҳат оламан ва ўрганишда давом этаман.
– «Реал»нинг «Барселона»га қарши ўтган мавсумдаги ўйинини эслайлик. Ўшанда жамоа сизнинг бошқарувингизда ғалаба қозонганди.
– Бу бутунлай бошқа ўйин. Биз ўшанда Барселонага фаворит сифатида йўл олмаганмиз. Ҳозирда барчаси ўзгача. Бу ўйинни эсдан чиқариб туришимиз керак. Аммо, албатта, мен жамоа ўйинга ўша ўйиндагидек тайёр ҳолатда бўлишини истайман.
– Карим Бенземанинг ўйинлари ҳақида нима дейсиз?
– Барча яхши биладики, у жамоада муҳим вазифаларни бажаради. У майдонга чиқади ва ҳужум чизиғи учун кенг имкониятлар ҳосил бўлади. Бензема ва Роналду каби йигитлар ҳужумнинг исталган нуқтасида эркин ҳаракатлана олишади. Шундай экан, Бензема фақат фойда келтирмоқда, дейишим мумкин.
– Лионель Мессига қарши чора ўйладингизми?
– Жамоамизга очко керак. Ҳозир «Реал» «Барселона»дан 6 очко олдинда, аммо бу бўшашиш мумкин дегани эмас. Биз Месси кимлигини ва у нималарга қодирлигини жуда яхши биламиз. У дунёдаги энг кучли футболчилардан бири. Ўйин учун режа ишлаб чиққанмиз, Лионелга ўз ўйинини кўрсатиш учун имкон бермаслик кераклигини биламиз.
– Ўйин қандай ҳисобда якунланади деб ўйлайсиз?
– Ўйинда нималар бўлишини билмайман. Келинг, ўйин бошланишини кутамиз. Бизнинг вазифамиз – ғалаба. «Реал» прогнозлар билан иш қилмайди. Олдиндан башорат қилиш яхши эмас. Бизда яхши футбол намойиш этиш учун 90 дақиқа бўлади.
– «Реал» президенти Флорентино Перес айтгандики, қолган ҳаётингизни Мадридда ўтказасиз. Бу тўғрими?
– Ҳа, мен шу шаҳарда бутунлай қолишни истайман. Чунки, бу шаҳарда ўзимни жуда яхши ҳис қиламан. Умуман, менга бутун Испания ёқади. Бу ерда менга ҳамиша илиқ муносабатда бўлишган. Мен машҳур футболчи эканимда бу шаҳарда ҳамманинг эътиборида эдим. Энди мураббий сифатида шундай босим билан яшаяпман.
– «Барселона»нинг жорий мавсумдаги ўйинларини қандай баҳолайсиз?
– Мен бошқа жамоалар ҳақида ўйламайман. Айтишим бўлгани шуки, бундай клуб исталган рақиб учун муаммолар туғдира олади. Бу ўйин олдидан фаворит йўқ. Имкониятлар 50га 50.
– «Реал»нинг мураббийлар штаби қандай режа тузишган? Сиз кўпроқ ҳужумда ўйнайсизми ёки кўпроқ ҳимояланасизми?
– Унисиям эмас, бунисиям эмас. Энг асосийси – майдонга яхши руҳият билан тушиш. Бу захира ўриндиғидагиларга ҳам тааллуқли.
– «Реал» бу мавсумда мағлубият нелигини билмай келмоқда…
– Бунинг ҳайрон бўладиган жойи йўқ. Биз машғулотларга жиддийлик билан ёндашмоқдамиз. Қолаверса, «Реал»да дунёнинг энг зўр футболчилари тўп суради. Уларнинг барчаси ҳақиқий профессионаллар. Бизда совринлар ютиш учун имкониятлар кўп. Сизнинг ҳайратингизни тўғри тушунаман, аммо мен бунга эътибор бермаганим маъқул. Ҳа, бу ҳам бир ютуқ. Буларнинг ҳаммаси қатъиятимиз эвазига.
Мавзуга оид
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
12:52 / 27.10.2024
«Барса» «Реал»ни яксон этди, Ҳоландни тўхтатиб бўлмаяпти. Кун ўйинлари
12:39 / 24.10.2024