Жамият | 00:09 / 03.12.2016
12895
2 дақиқада ўқилади

Атлантика океанини сузиб ўтаётган британиялик қулоғига балиқлар кириб олганидан шикоят қилди

Фото: © RIA

Атлантика океанини сузиб ўтишга бел боғлаган британиялик Бен Хупер ўз саёҳатининг биринчи 20 кунида бор-йўғи 124 км сузиб ўта олди. Daily Mail нашрининг таъкидлашича, британиялик бундай суръатлар билан ўз манзилига 2018 йилдан олдин етиб кела олмайди.

Аввал Глостершир графлигида полициячи бўлиб ишлаган 38 ёшли Хупер ўз саёҳатини 13 ноябрда Сенегалда бошлаганди. Маълум қилинишича, у сувда кунига 10 соат ўтказмоқчи ва март ойига келиб Бразилиянинг Натал шаҳрига етиб келмоқчи ва шу тариқа океанни сузиб ўтмоқчи. Сузувчига 10 кишидан иборат кема ҳамроҳлик қилмоқда. Улар орасида Гиннесс рекордлар китоби вакили ҳам бор.

Хупер бундай паст суръатларни кутилмаган қийинчиликлар билан тушунтирмоқда: у медузаларни қўрқитмоқчи бўлган махсус қурилма уларга таъсир қилмаяпти, унинг атрофида акулалар айланиб юрибди, катта тўлқинлар эса уни айлантириб юбормоқда. Бу етмагандек, сузувчининг қулоғига майда балиқлар ўрнашиб олган.   
"Медузалар мени мунтазам чақмоқда ва биз икки марта акулаларни кўрдик", деб ёзди Хупер фейсбукда. У шунингдек ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини у ва унинг жамоаси экспедиция давомида спиртли ичимлик истеъмол қилмаганларига ишонтирди. 

Атлантика океанини биринчи сузиб ўтган одам француз Бенуа Леконт бўлган. У 1988 йилда АҚШнинг Массачусетс штатидан Франциягача океанни 73 кун ичида сузиб ўтган. Гиннесс рекордлар китоби бу натижани рекорд сифатида қайд қилмаган, чунки француз денгиз касаллиги сабабли Азор оролларида бир ҳафта ўтказишга мажбур бўлган.

 

Мавзуга оид