ЕЧЛ анонси. F гуруҳи ким биринчи, «Реал» ёки «Боруссия»?
F гуруҳида иккала ўйинда ҳам аниқ масалаларга ойдинлик киритилади. Марказий учрашувда гуруҳ ғолиби аниқланса, Польшада эса Европа лигаси йўлланмаси ўйналади. Tribuna.Uz гуруҳдаги охирги тур анонсини келтирган.
Реал Мадрид – Боруссия Д (00:45, Матч! Футбол 1)
Бош ҳакам: Шимон Марчиньяк (Польша).
Плей-офф масаласини ҳал қилиб олган икки жамоа энди ўзаро ўйинда гуруҳда ким ғолиб бўлиши масаласига ойдинлик киритиб олиши керак. Дортмундда жамоалар бир очкодан бўлишиб олганди. Бу сафар ҳам дуранг натижа немисларни қаноатлантиради.
«Реал» бундан икки кун олдин ҳам «Боруссия»га қарши учрашувни ўйлаётгани йўқ эди. Жамоа Испания чемпионатидаги энг принципиал рақибга қарши учрашува майдонга тушиб, сўнгги дақиқаларда киритган голи эвазига ўзлари учу қониқарли натижага эришди. «Боруссия» эса «Легия» билан афсонавий ўйиндан кейин, бундеслигада бошқа бир «Боруссия»ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди. Жароҳатдан тузалиб сафга қайтган Марко Ройс сўнгги учрашувларда жамоанинг сермаҳсул ўйинларида асосий ролни бажармоқда.
Ҳозирча иккала жамоанинг шу кунгача ўтказган ўзаро ўйинларида 4 ғалаба, 4 дуранг, 3 мағлубият билан «Реал» етакчилик қилмоқда. Тўплар нисбати бўйича кўрсаткич ҳам мадридликлар фойдасига — 16-14.
«Реал» таркибида Гарет Бэйл узоқ муддатга сафдан чиққан. Алваро Мората ва Пепе умумий гуруҳ билан бирга машғулотларда иштирок этмоқда ва бугунги учрашувга тушиш учун тайёр бўлиб турибди. Аммо Тони Кроос ҳам машғулотларда қатнашаётган бўлишига қарамай, Зидан унинг тўлиқ тикланиб олишига хавф солиб, таваккалга бормаса керак. «Боруссия» таркибида Геррейро, Марсель Шмельцер, Эрик Дурм жароҳатидан фориғ бўлган. Аммо Свен Бендер ва дарвозабон Роман Бурки ҳамон жамоа лазаретида қолмоқда ва бу учрашувни ўтказиб юборишади.
Легия – Спортинг (00:45, Матч! Наш спорт)
Бош ҳакам: Жанлука Роччи (Италия)
Европа лигаси йўлланмаси ўйналадиган учрашувда мезбонларни фақатгина ғалаба қониқтиради. «Спортинг» эса дуранг натижа қайд этган тақдирда ҳам баҳорда еврокубокларга яна қайтиши мумкин бўлади.
Чемпионлар лигасида мағлубиятига қарамай, ўйини билан кўпчиликка манзур бўлган «Легия» Польша экстраклассасида сўнгги турда дуранг натижа қайд этди. Бунгача учта ўйинда жамоа кетма-кет ғалаба қозониб келаётганди. «Спортинг» эса Португалия суперлигаси сўнгги уч турдан бери очко йўқотгани йўқ. Жамоалар шу кунга қадар уч маротаба рўбарў келишган бўлиб, португаллар иккита учрашувда зафар қучишган. Битта учрашувда дуранг натижа қайд этилган.
Польшаликлар энг кучли таркибдан фойдаланиши кутилмоқда. «Спортинг»да эса муаммолар мавжуд. Жоао Перейра дисквалификаци туфайли, Люк Кастайнос ва Эзекиэл Шелотто жароҳати сабаб лиссбаонликларга ёрдам бера олмайди.
Мавзуга оид
10:01 / 10.11.2024
Винида яна ҳет-трик, лекин Мадридда даҳшатли муаммолар
00:08 / 07.11.2024
«Реал» ўз йўлига тушиб олиши учун ҳал қилиниши керак бўлган 6 масала
13:17 / 06.11.2024
ЕЧЛда сенсациялар куни. «Реал» ва «Сити» ютқазди
12:52 / 27.10.2024