Жамият | 19:29 / 07.12.2016
7382
2 дақиқада ўқилади

Марокаш қирғоқлари яқинида бортида муҳожирлар бўлган кема чўкиб кетди

Фото: © AFP

Марокашдан Испания қирғоқларига йўл олган ҳамда бортида 43 муҳожир бўлган кема чўкиб кетди. Бунинг оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлиб, бир неча инсон бедарак йўқолган, деб хабар берган “Чегаралардан ўтиб” жамоат ташкилоти.

Таъкидланишича, 30 киши қутқариб қолинган.

Ташкилот фаолларидан бири Элена Маленонинг сўзларига кўра, у кемада бўлган бир қатор кишилар билан телефон орқали алоқада бўлган. Маълумотларга кўра, қайиқ Марокашнинг Ал-Ҳосейм (мамлакат шимоли) шаҳридан унча узоқ бўлмаган ерда чўкиб кетган. Қайиқнинг таги тушиб кетиб, бортда бўлган инсонларнинг кўпчилиги унга тирмашиб олганлар.

"Ҳозирча биз 30 киши омон қолганини тасдиқлашимиз мумкин. Тўрт инсоннинг жасади ўликхонада", - дея ёзди Малено ўзининг Twitter’даги саҳифасида. Айтилишича, Сенегал, Камерун, Гвинея фуқаролари ҳалок бўлган.

Айни дамда Марокаш қироллик жандармерияси денгизда кишиларни излаш билан банд. Ёмон об-ҳаво шароитлари сабаб кимнидир тирик ҳолда топиш даргумон бўлиб турибди.
 

Мавзуга оид