B гуруҳи
Қатар – Швейцария 1:1
Голлар: Эмболо, 17 – пеналти (0:1). Ҳуҳи, 90+4 (1:1)
Қатар: Абунада, Педру Мигел, Ҳуҳи, Аҳмад, Ал-Оуи (Будиаф, 60), Мадибо (Ал-Маннаи, 78), Лайе, Абдулсаллом (Фати, 60), Афиф, Эдмилсон Жуниор (Ал-Ҳайдос, 88), Абдурисак (Ал-Аелдин, 60)
Швейцария: Кобел, Элведи, Аканжи, Родригес (Муҳайм, 89), Закариё, Жака, Фройлер (Яшари, 89), Эбишер (Манзамби, 65), Варгас (Амдуни, 79), Ндой (Ридер, 65), Эмболо
Огоҳлантиришлар: Абунада, 16. Абдулсаллом, 23 – Закариё, 42
2026 йилги жаҳон чемпионатида биринчи сенсация. Қатар миллий жамоаси гуруҳ фаворити сифатида кўрилган Швейцария билан ўйинда сўнгги дақиқаларда гол уриб, очко тортиб олди. Энди бу гуруҳда 1-турдан кейин барча жамоалар биттадан очкога эга.
Кўпчилик Швейцария Қатар устидан осон ғалабага эришишини кутганди. Аммо ўйиндаги илк хавфли вазият Осиё вакилларида юзага келди – иккинчи дақиқадаёқ қатарликларнинг қарши ҳужумга чиқиб кетишди ва Аканжининг хатосидан кейин Эдмилсон дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди, аммо Кобел рақиб ҳужумчисига тўпни оёқлари орасидан ўтказишга йўл қўймади.
Шундан кейин ўйин прогноз қилинганидек кеча бошлади. Швейцария тўпни ва ҳудудларни назорат қилди, Хулен Лопетеги бошчилигидаги қатарликлар эса чуқур ҳимояга ётишди.
Ўйиннинг 16-дақиқасида Эбишер ўнг қанотдан узатма берди, Эмболо тўпни бўш турган Фройлерга етказди, уни эса дарвозабон йиқитди. Ҳондурасдан келган бош ҳакам Мартинес 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Бу эпизодда қатарликлар дарвозабони Абунада рақиб билан тўқнашиб кетди ва бошидан кичик жароҳат олди, кейин эса Эмболо 11 метрдан йўллаган зарбани қайтара олмади.
Ўтказиб юборилган голдан кейин қатарликлар катта куч билан олдинга ўтишди ва прессинг қилишга киришишди. Аммо бу узоқ давом этмади. Швейцария устунлик қилишда давом этди (биринчи бўлимда тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи 75 фоиз, 14 зарба ва xG бўйича 2,27). Шунга қарамай, қатарликлар ҳам вақти-вақти билан ўз имкониятларига эга бўлишди, танаффус арафасида Эдмилсон яна бир вазиятни кўкка совурди. Якин шогирдлари яна ҳимояда хатога йўл қўйишди ва Жуниорда етти-саккиз метрдан зарба бериш имконияти юзага келди. Кобел бу сафар ҳам жамоасини қутқариб қолди.
Танаффусдан кейин ҳам Швейцария ташаббусга эгалик қилди. Иккинчи бўлим бошида Қатар ўз жарима майдони ичида қамал қилинди. Бу дақиқаларда швейцарияликлар юқори чизиқда жуда яхши прессинг қилишди ва тўпни тезда қайтариб олиб, кетма-кет ҳужумлар уюштиришди, аммо барча ҳужумлар қайтарилди.












