Жамият | 21:15 / 08.12.2016
10302
3 дақиқада ўқилади

Ортиқча вазн туфайли ҳаётдан кўз юмаётган америкаликлар сони ошиб бормоқда

Фото: © Flickr / Steve Baker

Касалликларни назорат қилиш ва уларнинг олдини олиш марказларининг (АҚШ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлигининг бўлими) дастлабки маълумотлари бу мамлакатдаги ҳаёт давомийлигининг қисқаришидан далолат беради. Уларга кўра, америкаликларнинг 2015 йилдаги ўртача ҳаёт давомийлиги 78 ёшу 9,5 ойга тенг. Бу 2014 йилги кўрсаткичга қараганда бир ойга камдир, сабаби - 2015 йилда ўлим кўрсаткичларининг 2,7 миллионгача ўсганлиги (2014 йилга нисбатан 86 000га кўп). 

2015 йилда ўлим кўрсаткичининг ўсишига асосан юрак-қон томир касалликлари натижасида ҳаётдан кўз юмувчи кишилар сонининг ортиши сабаб бўлган. Шунингдек қандли диабет, буйрак ва ўпка касалликлари натижасида вафот этганлар сони ҳам 2014 йилга нисбатан анча юқори. Бундан ташқари, 2015 йилда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам кўпайган. Ўлим кўрсаткичи камайган ягона касаллик - саратон бўлди. 

Мутахассислар бу борада бир фикрга келишмаган. Уларнинг аксарияти бунга "ортиқча вазн эпидемияси"ни сабаб қилиб кўрсатишмоқда. Ортиқча вазнга эга кишиларнинг юрак-қон томир тизими юрак хуружи (инфаркт), фалаж (инсульт) ва шу каби касалликларга мойил бўлади. Бироқ вазн билан боғлиқ бўлмаган тенденциялар ҳам бор: ўз жонига қасд қилиш ва гиёҳванд моддалар истеъмоли натижасида ҳаётни тарк этаётганлар сони ўсиб бормоқда. 

Экспертларнинг таъкидлашича, Америка соғлиқни сақлаш тизими — даромад даражаси худди шундай бўлган мамлакатлар орасида у қадар муваффақиятли ҳисобланмайди. У ерда кутилаётган ҳаёт давомийлиги Куба кўрсаткичлари билан бир хил. Бунга АҚШ тиббиётининг ёмонлиги эмас, мамлакатнинг аксарият аҳолиси камбағаллиги сабабдир. Шу боис улар кубаликлардан фарқли ўлароқ, ҳар доим ҳам керакли даволаниш муолажаларини ололмайдилар. Тиббий суғурталар барча харажатларни қопламайди, миллионлаб америкаликлар эса умуман суғуртага эга эмаслар. 

Умуман олганда, ижобий янгиликлар ҳам бор. Яхши таъминланган ёки олий маълумотли америкаликларда ўлим ҳолатлари кўпайиши кузатилмаган. Ўлим сонининг кескин ўсиши аҳолининг фақат камбағал қатлами орасида кузатилмоқда. 

 

Мавзуга оид