Жаҳон | 16:28
2969
6 дақиқада ўқилади

Уруш. Трамп ғалаба эълон қилди. Наҳотки?

Бугун Америка ва Исроил Эронга қарши бошлаган урушнинг 15-куни. Уруш нега давом этаётгани, америкаликлар ўзи нима истаётгани тушунарсиз. Трамп урушда ғолиб бўлганини эълон қилди. Лекин ғалаба нима дегани? Эрон Америка билан дўст бўлиб қолдими? Исроилни йўқ қилиш даъвосидан воз кечдими? Йўқ, албатта. Менимча, Трамп Эронга қарши уруш хато бўлганини тушуниб бўлди. Шу сабаб ўзини музаффар саркардадек кўрсатишга уринмоқда.

Разведка нима дейди?

Америка уруш давомида ҳеч қандай мақсадига эришмагани ҳақида гапиргандик. Келинг, бу борада аниқ фактларга тўхталамиз. Reuters ўз манбаларига таяниб ёзишича, Америка разведкаси Эронда тузум қулаганининг ҳеч қандай асоратини кўрмаган. Разведкачилар Эронда бошқарув амалда ўзгармагани, тузум ҳамон аҳоли устидан тўлиқ назоратга эгалигига эътибор қаратган. Яна такрорлайман, бу бизнинг гапимиз эмас, америкалик разведкачилар келган хулосалар.

Reuters манбаларига кўра, исроиллик мулозимлар ҳам уруш Эронда ҳукумат ўзгаришига олиб келмаслигини тан олган. Нашр билан суҳбатлашган манбаларга кўра, Америка ва Исроилда Эрон амалдаги бошқарув тизимини ағдариш бўйича ҳеч қандай режа йўқ.

Уруш қанчага тушди?

Эронга қарши уруш Америка ғазнасига қимматга тушди. Америкалик сенаторлар Трамп маъмурияти вакиллари томонидан ўтказилган ёпиқ брифингда «Хўш, жаноблар, айтинг-чи, мистер Трампнинг уруши бизнинг солиқ тўловчиларга қанчага тушяпти?» деб сўрашди. Девондагиларнинг айтишича, урушнинг дастлабки олти куни учун 11,3 миллиард доллар сарфланган. Хусусан, биринчи икки кундаги интенсив бомбалаш учун 5,6 миллиард долларлик ўқ-дори ишлатилган.

Трамп сайлов кампанияси давомида бюджет пулларини тежашга эътибор беришини айтган, тепасига Илон Маскни қўйиб, бутун бошли «пул тежовчи департамент» ҳам тузганди. Бир ҳафтада 11 миллиард долларлик ўқ-дорини мақсадсиз отиб юборадиган бўлса, бунақа пул тежашдан нима фойда ҳайронман.

Таниш риторика

Трамп кечаги чиқишида «АҚШ Эрон устидан ғалаба қозонгани», ҳаммаси кутилганидан анча осон кечганини айтди: «Менга операция номини танлаш учун бир нечта вариант беришди. Қарасам улар орасида «Эпик ғазаб» дегани ҳам боракан, қандай ажойиб, менга ёқди! Бу жуда ажойиб ном, агар жангни ютсак. Биз ютдик, биринчи соатлардаёқ ютиб бўлгандик. Барчаси биз ўйлагандан осонроқ кечди».

Дарвоқе, АҚШ президенти Эронга қарши урушни уруш деб атамаяпти: «Бу улар учун уруш, биз учун эса бу кутилганидан анча осон нарса бўлиб чиқди». Аввалроқ Америка президенти урушни «кичик экскурсия» деб атаганди. Уруш бошида АҚШ уруш вазири Пит Ҳегсет эса «Биз урушни бошламадик, уни тугатамиз», деганди. Жуда таниш риторика, сиз ҳам бир одамни эсладингизми? Барчаси тўкис бўлиши учун алифбодаги ҳарфлардан бирортасини уруш рамзи деб танлашса, кифоя.

Эроннинг обрўси ошди

Биласизми, Америка ва Исроил ҳужум қилганидан кейин халқаро майдонда Эроннинг обрўси ошиб кетди. Бу давлат Исроилни ўзининг асосий душмани деб билар, ислом инқилобидан кейин давлат мавжудлигининг ягона мазмуни Исроилни йўқ қилиш деб эълон қилганди. Лекин Эрон ўтган йилгача Исроил билан бирор марта тўғридан тўғри тўқнашмаган.

Ғазода уруш бошлангач, у ерда ҳукумат бўлган ҲАМАСни қўлловчи асосий давлат Эрон яна ҳеч нарса қилмади, Исроилга фақат «Ҳизбуллоҳ» ва ҳусийчилар қўли билан ҳужумлар қилинди. Ғазодаги уруш Эроннинг обрўсига салбий таъсир қилди, «Булар фақат баёнот беришни билади, Исроилга барибир қарши чиқмайди», дейишди. Лекин ҳозир Эрон Исроил у ёқда турсин, бу давлат мавжудлигининг гарови бўлмиш бутун бошли Америкага қарши урушяпти.

40 йиллаб санкция остида яшаётган давлатга дунёдаги ҳамма давлатлар ҳарбий бюджетини йиғганидан ҳам кўпроқ пулни армиясига сарфлайдиган даҳшатли давлат ҳужум қилса ва урушнинг 14-кунида ҳам ҳужумга учраган давлат Америка деган давлат иттифоқчиларини, Исроилни бомбалашда давом этаётган бўлса, демак бу – кучли давлат. Ишонинг, Эрон бутун дунё ўйлаганидан кучлироқ бўлиб чиқди.

«Бонусига» дунёда Американи ёмон кўрадиган одамлар ичида Эроннинг обрўси тарихда кузатилмаган даражада ошди. Мен бу давлатдаги бошқарув, у ердаги демократияга тўсиқлар, одамларга қарши репрессиялар ҳақида гапирмаяпман, дунёдаги реаллик ҳақида айтяпман. Асл реаллик шундай – уруш Американи обрўсизлантирди, Эроннинг обрўсини оширди.

Ва мана шу пайт Трамп чиқиб «Биз урушни енгдик, ғалаба!» деяпти. Агар Эроннинг халқаро майдондаги обрўсини ошириш учун уруш бошлаган бўлсангиз, ок, сиз ютдингиз, мистер президент. Лекин унутманг, ҳеч қайси урушда ғолиб бўлмайди. Агар бўлса ҳам, ғолиб ким экани ижтимоий тармоқдаги постларда эмас, тарихнинг алдаб бўлмас саҳифаларида ёзилади.

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид