Жаҳон | 20:15 / 09.12.2016
8079
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда эронликлар қўмитаси фаолияти тақиқланди

Тожикистонда суд Имом Ҳумайний номидаги "Имдод" қўмитаси ваколатхонасини ёпди. Бу қарор Адлия вазирлиги даъвоси асосида чиқарилган. Бу ҳақда Ассошиэйтед Пресс хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, Душанбе шаҳридаги Исмоил Сомони тумани суди Адлия вазирлигининг Тожикистонда Эроннинг "Имдод" қўмитаси фаолиятини тўхтатиш бўйича берган даъвосини қондирган. Манба бу борада қўшимча маълумот бермаган.

Шу йилнинг 27 июлида Тожикистон Адлия вазири Рустам Шоҳмурод журналистларга маълум қилгандики, эронликлар қўмитаси фаолиятидаги қонунбузарликлар юзасидан бир неча марта огоҳлантиришлар билдирилганига қарамасдан, қўмитадагилар бу мурожаатларни эътиборсиз қолдирди.

Вазирликдагилар бу иш тўла ёпилгач, батафсил маълумотлар беришни ваъда қилишган. Шунингдек, Эроннинг Тожикистондаги элчихонаси ҳам бу борада изоҳ бермаган.

Тожикистондаги қўмита ваколатхонаси ёпилиши ҳақидаги гаплар 2015 йил бошида пайдо бўлганди. Аммо 2015 йил февралида Эроннинг Душанбедаги элчиси Ҳужатулло Фағоний бу хабарларни рад этиб, қўмита фаолияти яхши кетаётгани ҳақида билдирганди.

Имом Ҳумайний номидаги қўмита Эроннинг маданий ва хайрия ташкилоти ҳисобланади. Қўмита 1996 йилдан буён Тожикистон ҳудудида фаолият юритиб келаётганди.

Қўмита фаолияти тўхтатилишига Теҳрон ва Душанбе муносабатларига совуқлик тушгани сабаб бўлиши мумкин.

Ўтган йилнинг декабрида Теҳрон халқаро конференцияга Тожикистонда тақиқланган Ислом уйғониш партияси етакчиси (бу партия 2015 йил сентябрида Тожикистонда бўлиб ўтган исён ташкилотчилигида айбланган) Муҳиддин Кабирийни таклиф қилганди. Ҳатто у билан Эрон диний раҳнамоси оятулло Али Хоманеийнинг учрашуви ташкиллаштирилган. Шундан сўнг, Тожикистон Эронни терроризм қўлловчиси сифатида айблади.

Кўп ўтмай Тожикистон ТИВ Эроннинг Душанбедаги элчиси Фағонийга бу масала юзасидан нота юборганди.

Мавзуга оид