Жаҳон | 21:17
1066
3 дақиқада ўқилади

Трамп Эрон нефть ва газ бозорларини «тўлиқ Америка назорати остига» олишга ваъда берди

Оқ уй раҳбари Эрон армияси, авиацияси, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва радарлари йўқ қилинганини айтди.

Фото: Alex WROBLEWSKI / AFP

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга янги зарбалар бериш ва истиқболда Форс кўрфазидаги Харг оролини - мамлакатнинг асосий нефть терминалини эгаллаш режаларини эълон қилди. У Truth Social’даги постида Эрон нефть ва газ бозорларини Америка назорати остига олишга ваъда берди.

Трамп Эрон армияси, авиацияси, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва радарларини йўқ қилинган, Эроннинг ҳужумкор салоҳиятининг катта қисми эса ишдан чиққан деб таърифлади. АҚШ президенти, хусусан, шундай деб ёзди:

«Яқин келажакда биз Харг ороли ва бошқа нефть инфратузилмаси объектларини эгаллаб, уларнинг нефть ва газ бозорлари устидан тўлиқ назорат ўрнатамиз».

У прецедент сифатида Венесуэлага ишора қилди - унинг сўзларига кўра, у ерда шунга ўхшаш сиёсат ҳар икки мамлакат манфаатлари йўлида «ажойиб ишламоқда».

Аввалроқ Трамп Венесуэла ҳукумати билан келишув доирасида АҚШ Венесуэла нефтининг 30 миллиондан 50 миллион баррелгача сотишдан тушган даромадни назоратга олишини, пуллар эса «президент сифатида ўзининг бошқарувида бўлишини» айтган эди.

Харг ороли Эрон нефть иқтисодиётининг асосий қисмидир: Эрон нефтининг денгиз орқали экспорт қилинадиган умумий ҳажмининг қарийб 94 фоизи у орқали ўтади ва юк ташишнинг энг юқори даврларида орол омборларида бир вақтнинг ўзида 553 миллион баррелгача хомашё бўлган. Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда Эрон нефть экспортидан қарийб 53 миллиард доллар даромад олди - бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 11 фоизини ташкил этади.

АҚШ 2026 йил 13 март куни Харг оролига ҳаво ҳужумларини уюштирган эди — шунда 90 дан ортиқ ҳарбий объектлар, жумладан, денгиз миналари омборлари ва ракета омборлари зарар кўрган, аммо нефть инфратузилмасига атайлаб тегилмаган эди.

АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш 2026 йил 28 февралдан бери давом этмоқда. Апрель ойи бошида Покистон воситачилигида томонлар вақтинчалик сулҳ тузишга келишиб олди, бироқ у мунтазам равишда бузилмоқда. 13 апрелдан бери АҚШ Эрон портларининг денгиз блокадасини қўллаб-қувватламоқда, Эрон эса Ҳўрмуз бўғозидаги тижорат кемаларини ўққа тутишда давом этмоқда. Май ойи ўрталарида музокаралар жараёни, Трампнинг сўзларига кўра, «боши берк кўчага» кириб қолди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид