Коинот сирларга тўла. Яқинда астрономлар бир сайёрани кашф қилишди - унда самодан қимматбаҳо тошлар ёғилади. Тасаввур қилиб кўринг-а, бу сайёрада ёқут ва сапфир кристалли ёмғир ёғади. РИА "Новости" таҳририяти энг ғаройиб сайёралар рўйхатини тақдим этди.
1. Шиша ёмғирлар сайёраси

HD189733b сайёраси космосдан олинган суратларда Ерга ўхшаб кетади, бироқ аслида у ердаги шароитлар ҳавас қилгулик эмас - гап шундаки, ушбу сайёрада шиша ёмғирлар ёғади. Унинг кобальтсимон ранги катта миқдордаги кремний заррачалари натижасидир. Энг юқори ҳароратлар уларни шишага айлантиради. Шиша ёмғирлар тезлиги соатига 6500 километрга етиши мумкин. Бундан ташқари, HD 189733b "товушдан тезкор" ҳисобланади - унинг атмосферасида соатига 8700 километр эсадиган жуда кучли шамоллар ҳукмрон.
2. Олмос сайёра

PSR J1719−1438 b пульсар сайёра кислород ва кристалл углероддан иборат. Олимларнинг фикрича, углерод ва олмос сайёрада улкан босимни ҳосил қилган. Астрономларнинг тахминига кўра, қачонлардир ушбу осмон жисми юлдуз бўлган, бироқ унинг массаси катта қисмини миллисонияли пульсар "тортиб кетган". Сайёра Ердан 4 минг ёруғлик йилгача узоқлашган.
3. Жавоҳирли ёмғир

HAT-P-7 b (Kepler-2b) экзосайёрасида ёқут ва сапфир "томчили" ёмғирлар ёғади. Олимларнинг тахминича, сайёрадаги булутлар корунддан (ёқут, сапфир ва бошқа қимматбаҳо тошлар асосини ташкил қилувчи минерал) иборат. Сайёра типик "қайноқ юпитер" - ёритгичга жуда яқин айланувчи газ гиганти ҳисобланади. Kepler-2b атмосфераси ҳарорати "қуёшли" томонда Цельсий бўйича 2500 даражадан ошади, "тунги" томонда эса - тахминан 1300 даража.
4. Вулқонли даҳшат

COROT-7 b экзосайёрасининг ўзига хослиги шундаки, сатҳининг ёруғ томонида улкан қайнаб турган лава океани жойлашган. У ернинг ҳарорати +2500-2600 даражани ташкил қилади. Қоронғу томонда тошли ёмғир ёғади, зеро COROT-7 b атмосфераси асосан буғланган жинслардан иборат. Сайёра Яккашох юлдуз туркумида жойлашган ва у тахминларга кўра, Сатурн ҳажмидаги газ гигантининг қолдиғидир.





















