Жаҳон | 21:55 / 15.12.2016
11840
3 дақиқада ўқилади

Россия етакчисининг Японияга ташрифининг биринчи куни тафсилотлари

Фото: © RIA

15 декабрда Японияга ташриф билан келган Россия президенти Владимир Путин Япония бош вазири Синдзо Абэ билан ўзаро тинчлик келишуви, ҳарбий соҳада алоқаларнинг тикланиши, Сурия ва Украинадаги ихтилофларни ҳал қилиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда

Путиннинг Японияга жорий ташрифи 2014 йилдан бери қолдириб келинаётгани сабабли, икки давлат ўртасида муносабатларнинг яхшиланиши сифатида баҳоланмоқда. Бу учрашув икки давлат етакчиси ўртасидаги ўзаро 16-учрашув бўлди. 

Путиннинг самолёти Ямагути-Убе аэропортига қўнгач, Россия етакчиси у ердан Япония бош вазирининг Нагатодаги қароргоҳига йўл олган.

Путин матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Путин ва Абэ турли йўналишлар бўйича мулоқотни жадаллаштиришга келишиб олганлар.

Путин Абэга унинг саъй-ҳаракатлари эвазига икки томонлама муносабатларда илиқлик ўрнатилгани учун миннатдорчилик айтган ва икки кунлик музокаралар Россия-Япония алоқалари ривожига ҳисса қўшишига умид билдирган.

Путин ва Абэ ҳарбий йўналишдаги, жумладан "2+2" шаклидаги (давлатлар ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари) алоқаларни тиклаш зарурлигига розилик билдиришган. 

Бундан ташқари, етакчилар АҚШнинг Осиё-Тинч океани минтақасида жойлашуви, АҚШ ракетага қарши мудофаа тизимлари ва Шимолий Корея томонидан таралаётган хавфларни муҳокама қилишган.

Путиннинг Японияга ташрифининг 1-куни япон ошхонаси таомлари тортиладиган анъанавий "кайсэки" тадбири билан якунланади. Аввалроқ Абэ Путинни грилда пиширилган японча мол гўшти, хом ва фритюрда қовурилган балиқ бўлакчалари ва гуруч билан меҳмон қилиши маълум қилинганди.

Тахмин қилинишича, етакчилар ўз суҳбатларини япон боғида, манзаралар очиладиган очиқ иссиқ чашма атрофида давом эттиришади, сўнгра телескоплар ўрнатилган обсерваторияга тунги осмонни томоша қилгани йўл олишади. Таъкидланишича, етакчилар у ердаги махсус тайёрланган барда Курил ороллари масаласи бўйича фикр алмашадилар.

16 декабрь эрталаб Путин Токиога учади ва у ерда ишчи нонушта шаклидаги тадбирда музокараларни давом эттиради. Бу нонуштага япон ишбилармонлик доиралари вакиллари ҳам таклиф қилинган. У ерда ҳужжатлар имзоланади.

Сўнгра Путин ва Абэ Россия-Япония бизнес анжуманининг ялпи йиғилишида нутқ сўзлашади, сўнгра "Кодокан" дзюдо марказига ташриф буюришади. Путин марказда Япониянинг кўплаб машҳур инсонлари, жумладан собиқ бош вазири Иосиро Мори билан учрашади. Путиннинг Японияга ташрифи шу билан якун топади.

 

Мавзуга оид