Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламга беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин!

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Инсоннинг жаннатий бўлиши учун сабаблар кўп бўлиб, улардан бири инсоннинг иккита аъзосини Аллоҳ ҳаром қилган нарсадан сақлай олса, кимки улар борасида тақво қила олса, шу икки аъзони гуноҳу кабира билан бузиб қўймаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу инсонни жаннатий бўлмоқлигига кафолат бермоқдалар.

Бир тарафдан олиб қараганимизда ўта қийин ҳолатдек туюлиши мумкин, лекин бошқа тарафдан эса, бунинг эвазига абадий жаннат берилишини тасаввур қилсак, бу иккиси ўта осон ишдир. Чунки бизлар учун энг катта ва қийин ишлар – катта маблағларни талаб қиладиган ёки ўта катта жисмоний ҳаракатларни, қудратли имкониятларни талаб қиладиган ишлар бўлади.

Бу иккаласида эса бундай қийинчиликлар йўқ. Аксинча, бу икки аъзони сақлашда тежамкорлик, мўътадиллик ва яхшилик бор.

Шу иккала аъзони Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан асрашнинг имконияти барчаларимизда бор эканлигига қарамасдан, бу иллат хозирги кунда аксар одамлар мубтало бўлган касалликка айланиб, ўша аъзоларни ҳаромдан сақлай олишнинг ўзи катта муаммо бўлиб қолган.

Жумладан, икки жағнинг орасидаги тилни сақлашлик энг долзарб масалага айланиб, бу анча мушкулдир. Чунки бу тилдан битта эмас, бешта эмас, ўнта эмас, балки ундан ҳам кўпроқ жиноятлар содир этилади. Тилга озгина эҳтиётсизлик қилинса, ҳар бир лаҳзада жиноят содир этиб қўйиши мумкин.

Агар шу ҳадиси шарифга амал қилинса, мўмин-мусулмонлар ичида фитна ҳам, фасод ҳам бўлмайди, ёлғон, бўҳтон, туҳмат ва бошқа ҳамма ишларга умуман барҳам берилади. Ҳозирги кундаги асосий жанжаллар, келишмовчиликлар, қон тўкишликлар, фитна-фасодлар, фирқавозлик, гуруҳвозлик, мусулмон бўлиб туриб бир-бирини ўлдириш, адоват кўрсатиб бир-бирига қарши режалар тузиш, ҳаттоки ўлдиришдан роҳатланиш, ўлдириш учун қанча-қанча маблағ ва куч-қувватини сарфлаш – буларнинг барчаси шу тилнинг орқасидан келмоқда. Чунки бу тил ёлғон гапириб қўяди, туҳмат қилади, кимнидир кофирга ёки фосиқга чиқаради ва ҳоказо. Тил бир сўзни айтганидан кейин шу сўзни амалга ошираман деб, инсон қанчадан-қанча гуноҳу маъсиятларга ботади.