Жамият | 23:24 / 18.12.2016
11861
3 дақиқада ўқилади

Тошкент Молия институтида “Бизнесда маркетингнинг ўрни” мавзусида мастер-класс ўтказилди

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошида 2015 йил 23 октябрда ташкил этилган GDC-Girls development club қизларни ҳар томонлама ривожлантириш клубида университетдан ташқаридаги илк учрашув ўтказилди. 

Бу мастер-класс “Бизнесда маркетингнинг ўрни” деб номланиб, Тошкент Молия институтида бўлиб ўтди. Мастер-классда Жаҳон тиллари университети, Тошкент Молия институти ва Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия университетининг талаба қизлари, академик лицей ўқувчилари ва уй бекалари, жами 40 нафар хотин-қизлар иштирок этди.

Тадбирни “GDC-Girls development club” клуби асосчиси, Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети талабаси Гавҳар Сагдуллаева очиб берди ва клубнинг бир йиллик фаолияти давомида амалга оширилган ишларнинг тақдимотини ўтказди. 

Шундан сўнг спикер сифатида таклиф этилган муваффақиятли тадбиркор аёл- “Fiori Flowers” гуллар дўкони бошқарувчиси, уч фарзанднинг онаси Нодира Воҳидовага сўз берилди. Меҳмон тренер ўзининг бизнес ва оилани бирдек омадли уддалаш кўникмаларини иштирокчилар билан ўртоқлашди. 

“Ҳар бир қизга ёшлигидаёқ молиявий таъминот ўргатилиши керак. Молиявий билимга эга бўлсангиз, ҳар қандай бизнесда омадга эришиш мумкин. Энг асосийси-ходимларни тўғри танлай билиш, тайм-менеджментга риоя қилиш, инсоний сифатларга ҳам муҳим эътибор қаратиш керак, -деб нутқини бошлади Нодира Воҳидова. 

“Қандай бизнес очиш мумкин”,-деган саволга спикер “Бизнес аввало инсонлар муаммосига ечим бўла олиши керак. Имкон қадар бошқалар хаёлига келмаган оригинал ғояларни амалга ошириш керак. Бизнесга фарзандга ғамхўрлик қилгандек аҳамият бериб, икки-уч йил давомида бор куч ва энергиянгизни унга сарфласангиз, уни бошламасдан олдиноқ мукаммал дастур ишлаб чиқсангиз, албатта муваффақиятга эришасиз. Қолаверса бизнинг давлатимизда яхши ғояларга сармоя тикувчи инвесторлар кўплаб топилади. Шунингдек кредит тизими яхши йўлга қўйилан бўлиб, бунинг ёрдамида ҳар қандай бизнес-ғояни амалга ошириш мумкин. Фақат мотивация бўлса етарли”, дея жавоб берди.

Учрашув сўнгида қизлар билан савол-жавоб ва муҳокама қисми ўтказилди. Иштирокчилар Girls development clubга аъзо ва координатор бўлиш тизими билан танишиб, ўз таклифларини билдириб ўтдилар. 
Мастер-класс ЎзЛиДеп билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Мавзуга оид