2025 йил декабр ойида ягона QR-кодларни жорий этишни назарда тутувчи президент фармони имзоланганди. Унга кўра, 1 январдан бошлаб савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги барча юридик шахслар фаолиятига ягона QR-кодларни жорий этиш бошланди ва 1 июлдан бошлаб ундан фойдаланиш мажбурий талабга айланади. Яъни юридик шахслар ўз мижозларига нафақат нақд ёки терминал орқали, балки ягона QR-код орқали ҳам тўлов қилиш имкониятини яратиши шарт бўлади. Бу қоидани бузиш жавобгарликка сабаб бўлади.
UzQR коднинг асосий хусусияти — истеъмолчи исталган банк иловаси ёки тўлов ташкилоти мобил иловаси орқали битта QR-кодни сканер қилган ҳолда тўловни амалга ошириши. Бунда савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари бир неча хил QR-код ва тўлов ечимларини сақлаб туриш заруратидан озод бўлади.
Комиссия тўлови — 0,65 фоиз
Марказий банк маълумотларига кўра, UzQR учун сотувчидан транзакция суммасининг 0,65 фоизи миқдорида комиссия ундирилади. Ушбу комиссия қуйидагича тақсимланади:
Экваер банк (QR-кодни мерчантга ўрнатиб берган банк) — 0,10 фоиз;
Uzcard — 0,075 фоиз;
Humo — 0,05 фоиз;
QR-код оператори (тизимни узлуксиз қўллаб-қувватлаш) — 0,20 фоиз;
Тўлов ташаббускори (QR-кодни ўқувчи мобил илова) — 0,15 фоиз;
Тўловчи банк (тизимда тўловни амалга оширувчи банк) — 0,05 фоиз.
“UzQR’нинг 0,65 фоизлик умумий тарифини холисона баҳолаш учун уни ҳозирги тўлов хизматлари бозоридаги мавжуд тарифлар билан таққослаш ўринли. Бугунги кунда тўлов хизматлари бозорида савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари учун QR-кодлар орқали тўловларни қабул қилиш 1-3 фоизни ташкил қилади”, дейилади МБ хабарида.
Регуляторга кўра, тизимнинг расмий тариф тузилмасида тўловчидан (истеъмолчидан) ҳеч қандай комиссия ундириш кўзда тутилмаган. Барча тариф — фақат мерчант томонидан тўланадиган 0,65 фоиздан иборат ва у юқорида кўрсатилгандек занжир иштирокчилари ўртасида тақсимланади.















