Ҳалабдан ота-онасиз қолган 47 бола эвакуация қилинди
Ҳалабдан ота-онасиз қолган 47 бола 19 декабрда эвакуация қилинди. Бу болалар тўғрисидаги лавҳалар ижтимоий тармоқлар ва Ғарб ОАВда кенг тарқалганди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлигига Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Суриядаги вакили Элизабет Хофф маълум қилди.
Аввалроқ ЮНИСЕФ Ҳалабнинг шарқидаги аноним шифокорга иқтибос келтирган ҳолда ўнлаб болалар Ҳалабнинг шарқидаги йирик ҳужум кетаётган даҳалардан бирида қолиб кетганини маълум қилган. ЮНИСЕФда бу маълумотни берган шифокорнинг номи айтилмаган. Шунингдек, болалар жойлашган бинонинг ўрни ва улар қандай қилиб у ерга тушиб қолганлари ҳам маълум қилинмаган. Ижтимоий тармоқ ва Ғарб ОАВда турли ёшдаги болалар видеолавҳалари тарқалганди. Видеодан улар болалар уйига мўлжаллаб жиҳозланган хонада эканликларини кўриш мумкин бўлган.
"Биз эвакуация муаммосиз ўтаётганини биламиз. Бутун дунё гапирган 47 бола Идлибга эвакуация қилинди", деб айтган Хофф.
Хофф одамларнинг Ҳалабдан эвакуация қилиниши Фуа ва Кафрайи аҳоли пунктларидан келаётган бир неча автобус ёқиб юборилгандан кейин ушланиб қолганини таъкидлаб ўтган. Ҳалабга Идлиб, Фуа ва Кафрайидан 5 та автобус келган. Хоффнинг айтишича, эвакуация жараёнига Суриянинг Қизил яримой жамияти жавоб беради, БМТ эса операцияни мониторинг қилишда иштирок этмоқда.
ЮНИСЕФнинг минтақавий директори Герт Каппелернинг айтишича, Ҳалабдан эвакуация қилинган болалардан баъзилари жароҳат олганлари ва сувсизланганлари туфайли ёмон аҳволда бўлганлар. Унинг айтишича, болалар ташкилоти эвакуация қилинган болалар ва уларнинг оилаларига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатган ва қишки кийим-кечак тарқатган.