Буюк Британия Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алан Дунканни қабул қилди.
Алан Дункан Шавкат Мирзиёевни Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан муборакбод этди ап Буюк Британия Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаши ҳамда Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти билан Ўзбекистон – Британия ўртасидаги серқирра ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигининг барча йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Суҳбат чоғида бугунги кунда улкан имкониятлар мавжуд бўлган савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштириш янада муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Айни пайтда Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида Буюк Британия капитали иштирокида тузилган 544 корхона фаолият юритмоқда.
Жорий йил 17 ноябрь куни Британиянинг 30 дан ортиқ компанияси вакиллари иштирокидаги Ўзбекистон – Буюк Британия савдо ва саноат кенгашининг 23-мажлиси самарали ўтди. Унинг якунлари мамлакатимизда барча жабҳаларда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, сўнгги йилларда бизнес муҳитни яхшилаш ва хусусий тадбиркорлик ролини кенгайтиришга қаратилган қарорлар самарасида ушбу мамлакат етакчи компанияларининг жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортаётганидан далолат беради.
Томонлар маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини, жумладан, Халқаро Вестминстер университети, Кембриж университети иштирокидаги Юқори технологиялар маркази ҳамда Британия кенгаши ваколатхонасининг мамлакатимиздаги фаолиятини юқори баҳоладилар. Ўзбекистонда, айниқса, ёшлар ўртасида инглиз тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани инобатга олиниб, ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Мавзуга оид
00:10
Сунъий интеллект диабет ривожланиш хавфини ўнлаб йиллар олдин аниқлашга ёрдам беради
03:11 / 24.12.2024
Британия дронларга қарши янги турдаги радиочастотали қуролни синовдан ўтказди
18:56 / 22.12.2024
Британиялик ҳарбийлар оммавий равишда армиядан кетишни бошлади
21:42 / 19.12.2024