Жиноят ва жазо: Тили бошқа-ю, дили бошқа...
Наманган вилоятида туғилган Аброр Дадамирзаев, Даврон Дўсматов, Исманходжа Касимов, Маъмур Исмоилов ва Содиқ Расулов умрларининг айни навқирон дамларини хазонга айлантиришди.
“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, улар 2006 йилдан буён Россия Федерациясининг Одинцово тумани, Гусарская баллада қишлоғига бориб, ёлланма ишчи сифатида ишлаб келишарди. Бошида ҳаммаси кўнгилдагидек эди. Бу орада Қирғизистон Республикасининг Шамолдисой қишлоғида яшовчи Нусратилла, ака-ука Икром ва Аҳмад Ҳожиевлар, “Ҳамза”, Шокир (Салоҳиддин), тожикистонлик “Ҳожи ака”, Қўқон шаҳрида яшовчи Музаффар исмли шахслар сафларига келиб қўшилди-ю, уларнинг даъватлари билан табиатларида турли одатлар пайдо бўлди. Улар диний экстремистик оқимнинг яширин ташкил этилган жамоаси аъзоларига айландилар.
Улар бора-бора ўша қишлоқчадаги хонадонлардан бирида ҳафтада икки-уч маротаба йиғилиб, диний экстремистик оқим ғояларини тарғиб қилувчи турли китоблардан сабоқ ола бошлашди. Бу гуруҳнинг бош мақсади Ўзбекистондаги мавжуд конституциявий тузумни ағдариб, юртни ўз чиркин ғоялари билан бошқаришга қаратилган, шу йўлга кирганларни жамики жирканч ва разил ишлардан ҳам тап тортмасликка, оила, бола-чақаларидан, ҳатто ўз жонларидан, воз кечишга тайёрлаш эди. Кейинроқ эса бу борадаги даъватлар ёзилган дискларни тинглаб, уларни муҳокама қилиш, сафларини кенгайтириш ҳақида режалар тузиш улар учун одатий ҳолга айланди.
С.Расулов яширин ташкилот аъзолари билан бирга самарқандлик шериги Икромнинг ноутбуки ёрдамида интернетдан диний экстремистик ва сепаратистик ташкилот ғоялари билан йўғрилган материалларни олиб, уларни ўз телефонидаги электрон хотира мосламасига кўчирар, бундан гуруҳ йиғинларида фойдаланар, мабодо, гуруҳга янги аъзо келиб қўшиладиган бўлса, уларга ҳам пинҳона шу тасвир ва материалларни кўрсатиб, ўз даъватларини шу тарзда давом эттирарди. Албатта, ҳар бир аъзо гуруҳга қўшилгач, қасамёд қабул қилар, шундагина у ишончга кирган ҳисобланарди. Гуруҳ аъзолари ўз яшаш манзилларига вақтинча кетган пайтлари интернетдаги турли тармоқлар орқали ёзишиб, алоқа қилишарди.
Албатта, бу каби тинчлик ва осойишталигимизга раҳна солишга интилаётган ёвуз кучларнинг кирдикорлари фош этилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан уларга нисбатан тегишли тартибда жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилиши тайин.
Бу гал ҳам шундай бўлди. Ушбу гуруҳ аъзолари суд ҳукми билан турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.
Мавзуга оид
10:16
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
21:11 / 11.11.2024
Наманганда поезд билан тўқнашган Damas ҳайдовчиси ҳалок бўлди
17:35 / 11.11.2024
Наманганда тўёна кўринишида пора олган кадастр бўлими бошлиғи 5 йилга қамалди
08:48 / 09.11.2024