15:22 / 25.12.2016
17635

Илон Маск муваффақияти тарихи: Tesla 8 ёшда

Якунланаётган йилда Tesla автомобиллари сезиларли даражада  ўзгарди. InsiderPro нашри афсонавий компания тараққиётининг асосий босқичларини ёдга олди. 

2008 йилда Tesla ўзининг илк электрон автомобили — Tesla Roadster'ни ишлаб чиқариб, бутун дунё эътиборини жалб қилди. 

Roadster Sport бир марталик қувватланишда 400 километрга яқин масофани босиб ўтди ва атиги 3,7 сонияда 100 км/с тезликка эришди. Унинг асосий тўпламдаги баҳоси 98 минг долларни ташкил этди. Компания сайтига ишонадиган бўлсак, у дунёнинг 30 мамлакатида 2,4 мингдан ортиқ шу моделдаги машинани сотишга муваффақ бўлган. 

2012 йилда Model S — дунёдаги биринчи электрик седан ишлаб чиқарилди 

Автомобиль 5 сония ичида 100 км/с тезликка эришди ва бир зарядда 425 км масофани босиб ўтди. Motor Trend's нашри 2013 йилда уни "йил машинаси" дея эътироф этди. Бироқ унинг нархи арзон эмасди — Америка солиқ имтиёзларини ҳисобга олмаганда 106,9 минг доллар.

2014 йил охирида Model S икки моторли конфигурацияга эга бўлди — бу дунёдаги илк икки двигателли электрокар эди. 

Ўша йилиёқ Autopilot функцияси барча моделлар учун стандартга айланди. Автомобиль уч версияда ишлаб чиқарилди: 60D, 85D ва топ P85D. Суратда сўнггиси тасвирланган. 

Ўшанда компания блогида қуйидагича ёзув қолдирилганди: "P85D 250 км/с тезликда ҳаракатлана олади, 100 км/с'га етиши учун атиги 3,2 сония етарли, бу McLaren F1 суперкарини ортда қолдиради деганидир".

P85D бир зарядда 460 км масофани босиб ўтишга муваффақ бўлди, унинг нархи эса 71,2 минг долларни ташкил этди, бироқ жорий йилнинг февралида бу модель ишлаб чиқаришдан олиб ташланди. 

2015 йилнинг бошида Tesla харидорларга Model S'нинг уч янги версиясини таклиф қилди: 70D, 90D ва P90D.

Диққатни P90D'га қаратамиз — у Ludicrous режими билан бирга тақдим этилади, у 100 км/с'га атиги 2,8 сонияда етади. Машина эндигина пайдо бўлган вақтда омма орасида катта муҳокамага сабаб бўлди. У бир зарядда 400 км'дан зиёд масофани босиб ўтади, максимал тезлиги эса - 250 км/с. 

Model S баҳоси тахминан 66 минг доллардан бошланади. 

2015 йилнинг сентябрида Tesla замонавий услубдаги кўтарма эшикли Model X'ни тақдим этди.

Model X ҳам Model S каби уч турли версияда тақдим этилади. Уларнинг энг арзони қиймати 74 минг доллардан бошланади, энг кўп ишлаб чиқариладигани эса бир зарядда 400 км масофани босиб ўта олувчи  P90D бўлди. У Ludicrous режимида 3,2 сонияда 100 км/с'гача ҳаракатланади. Максимал тезилиги эса - 250 км/с.

Model X'ни ишлаб чиқаришда муайян муаммолар юзага келди, шу боис у бироз кечроқ тақдим этилди. 

Март ойида Tesla компанияси истеъмолбоп Model 3'ни намойиш қилди ва олдиндан деярли 400 минг буюртмани қўлга киритди.

Model 3 қиймати 35 минг доллардан бошланади, бу автомобилни электромобиллар бозорида жуда рақобатбардош қилади. Маскнинг сўзларига кўра, бир зарядда босиб ўтилувчи масофа - 350 км'га яқин, 100 км/с'га эса у 6 сонияда эришади. 

Бундан ташқари, Tesla раҳбари моделнинг бозорга чиқариладиган пайти - 2017 йил охири ёки 2018 йил бошига  бориб, бу кўрсаткичлардан-да ўзиб кетишга умид қилмоқда. Олдиндан буюртма қилувчилар сони шу қадар кўпайиб кетдики, ишлаб чиқаришнинг биринчи йилидаги барча автомобиллари банд қилиниб улгурган. 

Яқинда Model S ва Model X бир зарядда ҳаракатланиш масофасини узайтирувчи батареяларга янгиланди.

Август ойида Илон Маск Ludicrous режимли Model S ва Model X модификациялари янги батареяга эга бўлади.

Model S у билан 500 км'дан ортиқ масофани босиб ўтади — бу бозордаги биринчи шундай электромобиль ҳисобланади; Model X эса - 465 км'ни. 

Янгиланиш шунингдек Model S P100D'га Ludicrous режимида атиги 2,5 сонияда 100 км/с тезликка эришиш имконини беради. Бу моделни ушбу кўрсаткичлар бўйича дунёнинг учинчи серияли автомобилига айлантиради. Model X 2,9 сонияда ўт олади ва дунёдаги энг тезкор катта машина ҳисобланади. 

Янгиланиш у қадар арзонга тушмайди: автомобиль эгалари батареяни 20 минг долларга алмаштиришлари мумкин бўлади, янги харидорларга эса у 10 минг долларга тушади.

Якунига етаётган йил Autopilot йили бўлди, десак янглишмаймиз. Январь ойида Tesla дастурий таъминотни 7.1 версиясигача янгилади, бунинг натижасида Model S ва Model X бир неча қизиқарли ярим автоном функцияларга эга бўлди. 

Янгиланиш автоматик тормозлаш, ҳаракат чизиғини алмаштириш ва кўринмас зонада фаолликдан огоҳлантириш функцияларини ўз ичига олган. Шунингдек машиналар ажратувчи чизиқлар бўлмаган йўлларда ҳаракатланиш, автомобилни параллель жойлаштириш ҳамда тирбандликларни инобатга олган ҳолатда тезликни назорат қилишга "ўргатилди". 

Бу янгиланишнинг энг қизиқ хусусияти — машинани бир тугмани босиб чақириш имконияти. Тақдимотга қадар унинг Autopilot пакети қўшимча 2,5 минг долларни ташкил қилди. 

Сентябрда 8-версиядаги Autopilot функцияси янгиланди. 

Эндиликда радар датчик маълумотлари янада кенг қўлланмоқда - уларнинг ёрдамида объектнинг хавфли ё хавфсиз эканлигини аниқлаш мумкин. 

Маскнинг сўзларига кўра, автомобиль хавфсизлантирилди ва янги функциялар ҳаттоки  май ойидаги ЙТҲнинг ҳам олдини олган бўларди. Эслатиб ўтиш жоизки, жорий йилнинг май ойида Autopilot бошқарувидаги машина юк машинаси билан тўқнашган ва бунинг натижасида ҳайдовчи ҳалок бўлганди. Autopilot'нинг нархи қимматлашди ва унинг янги баҳоси 3 минг долларни ташкил қилди. 

Autopilot янги босқичга чиқмоқда: Маск Tesla машиналари кенгайтирилган "автопилот"нинг барча зарур жиҳозларига эга бўлиши ҳақида эълон қилди. 

Эндиликда автопилот Enhanced Autopilot, яъни "кенгайтирилган автопилот" номини олди.

У автомобилга тезликни йўллардаги зичликка мувофиқ бошқариш, ҳайдовчи бошқарувисиз бошқа чизиққа ўтиш, катта йўлга чиқиш, шунингдек автомобилни мустақил равишда жойлаштириш имкон беради. Бундан ташқари, автомобиль ҳайдовчи чақирувидан кейин янада мураккаб ҳаракатларни бажаришга қодир. 

Маск машинанинг декабрь ойида янгиланиши ҳақида айтганди - аввал буни мувофиқлаштириш ишлари якунланиши керак.  Яқинда у ўзининг Twitter'даги аккаунтида Tesla ходимларининг синов ишларини тезроқ якунлаш мақсадида дам олишсиз ишлаётганлари тўғрисида маълум қилганди. Шундай экан, янгиланиш тез орада рўй бериши кутилмоқда. 

Enhanced Autopilot нархи - 5 минг доллар.

Маскнинг сўзларига кўра, тест якунига етиб, тасдиқдан ўтганидан кейин машина эгалари йўлларда тўлиқ мустақил ҳаракатланувчи автомобилларга эга бўлишади. 

Tesla мазкур технологияси намойиши учун 2017 йилнинг охирида Лос-Анжелесдан Нью-Йоркка тўлиқ автоном режимда ҳаракатланиб, Қўшма Штатларни кесиб ўтади.

Tesla яна уч электрон транспорт воситасини ишлаб чиқариш устида иш олиб бормоқда

Ўз режасининг иккинчи қисмида Маск Tesla комапниясининг тўлиқ электрон бошқарувли юк машинаси ва автобус ишлаб чиқариш режаси билан бўлишди. Model 3'дан кейинги енгил машина эса мураккаб йўлларда ҳаракатланадиган электрон автомобиль бўлади. Маскнинг айтишича, сўнгги моделга Model Y номи берилиши мумкин.

 

Top