Интернетда Ту-154 фалокатга учраши вақтида шубҳали ҳолат қайд этилган видео пайдо бўлди
Интернетда Сочи яқинида Россия мудофаа вазирлигининг Ту-154 самолёти фалокатга учраши вақтида кўчадаги видеокузатув камераси томонидан ёзиб олинган видео пайдо бўлди. Видеода фожеа вақтида осмонда ёрқин чақнашни яққол кўриш мумкин. Бу ҳақда ижтимоий тармоқлар ва Youtube видеоблогига иқтибос келтирган ҳолда маълум қилинди.
Интернет фойдаланувчилари орасида бу чақнаш нима эканлиги борасида қизғин муҳокама кетмоқда.
Аввалроқ мутахассислар самолёт ҳавода портлаган бўлиши мумкинлигини айтишган. Уларнинг фикрича, самолёт бўлакларининг катта ҳудудга сочилиб кетгани шундан дарак беради.
Бироқ кейинроқ теракт версияси истисно қилиниши, бўлаклар эса самолётнинг сув сиртига кучли урилиши сабабли катта масофага тарқаб кетгани маълум қилинган.
Фожеа 25 декабрь тонгги соат 5.00 атрофида содир бўлган. Самолёт Сочидан Сурияга учиб кетаётганда радарлардан йўқолиб қолган. Самолётда 92 киши, жумладан ҳарбийлар, журналистлар, артистлар бўлган. Улар Ҳалабда концерт бериши кўзда тутилганди.