Жаҳон | 10:39 / 26.12.2016
9888
2 дақиқада ўқилади

Германияга келаётган турк қочқинлари сони уч бараварга ошди

Фото: Google image

Германия ҳукумати Туркиянинг қочқин мақомини олиш бўйича мурожаат қилган фуқаролари миқдори ўтган йил билан таққослаганда уч бараварга ортганини маълум қилди. Бу ҳақда Der Spiegel журнали федерал ҳукумат маълумотларига асосан хабар бермоқда.

Германияда 2015 йил давомида 1,8 минг турк фуқаролари бошпана сўрашган бўлса, жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида бундай инсонлар сони 5,2 мингни ташкил қилди. Уларнинг 4 мингдан ортиқроғи (тахминан 80 фоизи) курдлардир. Туркия ҳукумати сўнгги вақтларда мамлакатда тақиқланган Курдистон ишчи партияси билан курашни фаоллаштириб, парламентдаги курдларга алоқадор бўлган халқлар демократияси Партияси етакчиларини ҳибсга олди. "Анқара курдлар билан тўхтовсиз кураш олиб бормоқда", - дея Сўллар партиясининг (СП) Бундестагдаги депутати Улла Йельпкенинг сўзларини келтиради нашр. Айнан СП келаётган турк қочқинлари ҳақида маълумот йиғишга ташаббус кўрсатди.

Германиялик мутахассисларнинг фикрича, бу кўрсаткичнинг кескин ортиши 15 июлда рўй берган исённинг бостирилиши билан боғлиқ. "Туркия – бу хавфсиз ва қочқинлар бошпана топа оладиган мамлакат эмас", - дея маълум қилди Йельпке. Шу билан бир қаторда, республика ҳудудида ЕИ билан келишувга кўра, айни дамда суриялик 3 миллионга яқин қочқинлар бор.

Аввалроқ, НАТОнинг Германиянинг Рамштайн шаҳридаги авиабазасида хизмат қилувчи турк армиясининг бир неча ўнлаб ҳарбий хизматчилари ГФРда сиёсий бошпана олиш бўйича мурожаат билан чиқишганди. Уларнинг сўзларига кўра, бунга ватанларидаги сиёсий вазият сабаб бўлган. Туркияда исёндан сўнг 7,5 минг киши ҳибсга олинди – 6 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи, шунингдек полициячилар, судьялар ва прокурорлар.

Шунингдек, бир неча турк дипломатлари ҳам 7 октябрь куни ГФРдан бошпана сўрашгани маълум бўлди. Улар давлат тўнтаришига уриниш сабаб таъқиб қилинишларидан хавотирда.

 

Мавзуга оид