Жаҳон | 10:52
3535
3 дақиқада ўқилади

Туркиядаги давлат тўнтаришига уринишга 10 йил: мамлакатни ўзгартирган тун

Бундан роппа-роса ўн йил аввал, 2016 йил 15 июл куни Туркияда ҳарбийлар гуруҳи президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳокимиятини ағдаришга уринган эди. Муваффақиятсиз якунланган бу тўнтариш нафақат мамлакат сиёсий тизимини, балки давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими ва жамият ҳаётини ҳам тубдан ўзгартирди.

Фото: REUTERS

2016 йил 15 июл оқшомида Туркиянинг Анқара ва Истанбул каби йирик шаҳарларида танклар кўчаларга чиқди, ҳарбий самолётлар пойтахт осмонида парвоз қилди. Ҳарбийлар Европа ва Осиёни боғлаб турувчи Босфор кўпригини ёпиб қўйди, Анқарадаги парламент биноси эса бомбардимон қилинди.

Бир неча соатлик сукутдан сўнг президент Ражаб Тоййиб Эрдўған телевидение орқали видеомурожаат қилиб, аҳолини кўчаларга чиқиш ва тўнтаришга қаршилик кўрсатишга чақирди. Натижада давлат тўнтаришига уриниш барбод бўлди.

Туркия ҳукумати ушбу воқеалар учун масъулиятни АҚШда яшаган уламо Фатҳуллоҳ Гулен ҳаракати зиммасига юклади. Илгари Эрдўғаннинг яқин сиёсий иттифоқчиси бўлган Гулен ва унинг тарафдорлари айбловларни рад этган. Шунга қарамай, тўнтаришдан кейин Гулен ҳаракати террористик ташкилот деб эълон қилиниб, унинг минглаб тарафдорлари давлат тизимидан четлатилди.

Бугунги кунда 15 июл Туркияда миллий хотира куни сифатида нишонланади. Илгари Босфор кўприги деб аталган иншоотга «15 июл шаҳидлари кўприги» номи берилган. Расмий маълумотларга кўра, тўнтаришга уриниш вақтида 253 киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари эди.

Тўнтаришга уринишдан олти кун ўтиб мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилди. Дастлаб уч ойга белгиланган мазкур режим етти марта узайтирилиб, фақат 2018 йил июлида бекор қилинди. Бу давр мобайнида президент асосан фавқулодда фармонлар орқали мамлакатни бошқарди.

Расмий маълумотларга кўра, 2016–2025 йиллар оралиғида Гулен ҳаракати билан алоқадорлик гумони билан қарийб 390 минг киши ушланган, улардан 113 минг нафари қамоққа олинган. Шунингдек, 125 мингдан ортиқ давлат хизматчиси ва ҳарбий ишдан бўшатилган, 2 761 та муассаса, жумладан, мактаблар, жамоат ташкилотлари, жамғармалар ва оммавий ахборот воситалари фаолияти тугатилган. Тўнтаришга алоқадорликда айбланган 4 130 киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Сиёсатшунос Эрсин Калайжиўғлининг фикрича, фавқулодда ҳолат расман бекор қилинган бўлса-да, унинг бошқарув услуби давлат тизимида сақланиб қолган. Унинг таъкидлашича, президент фармонларининг кенг қўлланиши Туркияда ҳокимиятнинг юқори даражада марказлашувига олиб келган.

2017 йилда ўтказилган конституциявий референдум эса мамлакат бошқарув тизимини тубдан ўзгартирди. Туркия парламент республикасидан президентлик республикасига ўтди, бош вазир лавозими тугатилди ва президент ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди.

Бу ўзгаришлар мухолифат стратегиясига ҳам таъсир қилди. Президентлик сайловларида ғалаба қозониш учун мутлақ кўпчилик овоз талаб қилиниши сабабли мухолифат партиялари ягона номзодлар билан иштирок эта бошлади. Бу тактика 2019 ва 2024 йилларда Анқара ҳамда Истанбул мэрлиги сайловларида муваффақият келтирди.

Бироқ мухолифат вакилларининг кўпчилиги кейинчалик жиноий таъқибларга дуч келди. Улар орасида Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақибларидан бири сифатида қаралаётган Истанбул мэри Акром Имомўғли ҳам бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид