Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркияда Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун халқаро ордер берилди
Нетаняҳу ва Исроилнинг бошқа расмийлари Ғазо секторида «инсониятга қарши жиноятлар»да айбланмоқда.
Истанбулнинг 11-Олий жиноят суди Тел-Авивнинг Ғазо секторига гуманитар ёрдам олиб кетаётган флотилияни тўхтатиб қолгани сабабли Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун халқаро ордер беришга қарор қилди, деб ёзди Hürriyet газетаси.
Гап Ғазога гуманитар ёрдам етказишга уринган Global Sumud Flotilla (GSF) гуманитар флотилияси ҳақида бормоқда. Апрель ойида Истанбул прокуратураси флотилия кемаларини қуролли равишда эгаллашда 35 кишига, жумладан, Нетаняҳуга қарши айблов хулосасини эълон қилган эди. Идора уларнинг ҳар бирини умрбод озодликдан маҳрум этиш ва 1102 йил-у 9 ойдан 4596 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилишни талаб қилган. Прокуратура Исроилнинг ҳаракатлари «халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёрларини очиқ-ойдин ва қўпол равишда бузиш бўлган, шунингдек, кемаларни мажбуран тўхтатиш, тинч аҳолини куч ва зўравонлик ишлатиб ҳибсга олиш, жисмоний зўравонлик ҳамда инсон қадр-қимматига зид муомала билан кечган», деб ҳисоблади.
Айбланувчилар орасида Нетаняҳудан ташқари Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац, унинг ўтмишдоши Йоав Галант, миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир, Бош штаб бошлиғи Эял Замир ва бошқалар бор.
Улар «инсониятга қарши жиноятлар», «геноцид», «озодликдан ноқонуний маҳрум қилиш», «қасддан баданга шикаст етказиш», «қийноққа солиш», «босқинчилик», «мол-мулкни йўқ қилиш ёки унга зарар етказиш» ва «транспорт воситасини эгаллаб олиш»да айбланмоқда.
Исроил томони айбловларни рад этмоқда.